Жаҳон | 12:10 / 16.10.2024
16392
6 дақиқада ўқилади

Туркия Марказий Осиёни “Туркистон” деб атамоқда: ташқи дунёнинг муносабати қандай?

Туркиянинг мактаб дарсликларида Марказий Осиёни “Туркистон” деб номлаш жорий қилинди. Бу қарор шу йилнинг бошларида қабул қилинган эди. Қарорнинг ижроси янги ўқув йили бошидан, яъни сентябр ойидан бошланди. Бу ўзгаришнинг акс-садоси нафақат минтақамизда, балки ташқи дунёда ҳам сезилмоқда.

Туркия ҳеч қандай инқилобий ўзгариш қилгани йўқ. Тарихдаги фактни, бўлиб ўтган воқеликни эътироф қиляпти, яқин ўтмишда мавжуд бўлган Туркистонни “Туркистон” деб атаяпти холос. Аслида, ҳозирги Марказий Осиё жуда узоқ вақт Туркистон деб аталган. Ҳатто Чор Россияси бизга бостириб келганидан кейин ҳам, минтақамиз “Туркистон” дея аталишда давом этган. Фақатгина 1917 йилда ҳокимиятга советлар келгач, Туркистон атамасидан воз кечилди.

“Туркистон” номи онсонликча йўқ бўлгани йўқ. Бунинг учун собиқ СССР жиддий курашди. Империялар ҳар доим ўзлари босиб олган ерларни назорат қилиш учун, ўша ерларни бўлиб ташлашади, ва бўлинган ҳудудларга ҳар хил номлар ва ўзликлар яратишади. Туркистон бўлиб ташлангач, бўлинган ҳар бир ҳудудга давлат мақоми ва номи берилади ва ушбу давлат доирасида миллий ўзликлар яратилади. Натижада, бешта республика ва беш миллий ўзлик шакллантирилди. Советлардан олдин ҳам бу миллий ўзликлар бўлган, лекин бу ўзликлар мутлақлаштирилмаган, бошқаларга қарама-қарши қўйилмаган.

Бир вақтлар Туркистонда барча халқлар ва миллатлар ҳеч қандай миллатчиликсиз, аҳил яшашган. Тарихдан маълумки, этник тожиклар ҳам “Туркистон” атамасига эътироз билдиришмаган. Чунки Туркистонда тожик тили ва маданиятининг ўрни анча катта бўлган: ўзбеклар ёки қозоқ ҳамда қирғизлар ҳам тожик тилини яхши тушунган, намозларда тожик тилида ният қилишган, мадрасаларда тожик тили кенг ўргатилган.

Туркия ўқув дарсликларида Марказий Осиёни “Туркистон” деб номлаши нафақат минтақамизда, балки ташқи дунёда ҳам кўплаб сиёсий ва геосиёсий чайқовчиликларга сабаб бўлмоқда. Россия расмийлари ҳозирча ҳеч нима демади, лекин Россиядаги пропагандачилар ўзларининг салбий муносабатини яширмаяпти. Уларнинг муносабатлари ижтимоий тармоқларда, мақолалар ва видео чиқишларидан маълум. Россиядаги кенг тарқалган фикрга кўра, “Туркистон” лойиҳаси – бу Ғарбнинг лойиҳаси эмиш. Яъни Туркия, НАТОнинг аъзоси сифатида, Марказий Осиёни Россия таъсиридан чиқариш ниятида экан.

Хитой Халқ Республикаси, одатда, жуда эҳтиёткор. Расмий Пекин бундай холатларда расмий муносабатини билдирмайди, ички кайфиятини яширади. Лекин, агар Уйғуристон ўзини “Шарқий Туркистон” деб номлаши эътиборга олинса, Марказий Осиё ўзининг тарихи ва келажагини “Туркистон” деган ном билан боғлаши – Пекинга ёқмаслиги аниқ. Айни пайтда, Пекин ҳар нарсага тезда асабийлашаверадиган давлат эмас.

Эрон Ислом Респбликаси учун ҳам “Туркистон” номи, лойиҳаси у қадар қулай бўлмаслиги мумкин. Эрон ўзининг ичидаги кўп сонли озарбайжон аҳолиси туфайли, бу лойиҳага ишончсизлик билдиришга мойил бўлади.

Аслида, “Туркистон” лойиҳаси ташқи дунё учун таҳдидми? Агар таҳдид бўлса, ким учун, қандай таҳдид?

Глобаллашган дунёда ҳамма ҳамкорликка, бирлашишга, интеграцияга интилади. Энг кучли ва мустаҳкам интеграциялар замирида ўзликлар туради. Ўзликлар – энг кучли бирликлар ва зиддиятларнинг ўзаги ҳисобланади. Мисол учун, Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил зиддияти асосида цивилизацион бўлиниш, демакки, ўзликлар зиддияти туради. Ёки, англасаксонлар иттифоқи асосида протестант-инглиз маданияти фундамент ҳисобланади.

Туркиянинг ўзига келсак, Туркия НАТОнинг аъзоси бўлишига қарамасдан, бугун Россия Федерацияси билан яқин ҳамкор, Вашингтон иродасини сўссиз ижро қилаверадиган Ғарб тарафдори эмас, БРИКСга интилмоқда, АҚШ ва Ғарбни, айниқса уларнинг иттифоқчиси Исроилни кўп танқид қилади. Шунинг учун, Туркиянинг нияти – Россия ва Хитой Халқ Респуликаси ёки Эрон билан зиддиятга замин яратиш эмас. Туркия учун ўзининг ишончли ҳамкорлари, тил ва дил бирлиги асосидаги иттифоқчилари бўлиши муҳим. Туркия бугун кўпқутбли дунёнинг фаолларидан бири, яъни Россия ва ХХРнинг глобал қудрати кучайиши тарафдори.

Марказий Осиё учун ҳам, РФ ва ХХР – бу биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкорлар. Минтақанинг ҳеч бир давлати Москва ва Пекин билан конфликт излаш ниятида эмас. Эрон билан ҳам ҳамма яхши муносабатлар тарафдори.

Демак, Туркистон – бу қаршилик кўрсатиш бирлашуви эмас, бу ўзаро ҳамкорлик ва ўзликларни сақлаш лойиҳасидир. Марказий Осиё бошқаларга тажовуз қилиш ниятида ёки салоҳиятида эмас, аксинча, бошқаларнинг тажовузига қарши, бирлашиб жон сақлаш, мустақилликни сақлаб қолиш ва иқтисодий ривожланиш ниятида.

Туркистон лойиҳаси, аслида, ҳамма учун қулай ҳисобланади. Минтақанинг барча давлатлари прагматик давлатлардир. Ва минтақа давлатлари ўртасидаги зиддиятлар камайиб, ҳамкорлик ва интеграциянинг ошиб бориши – Россия ва Хитой учун ҳам, Эрон, Афғонистон, Покистон учун ҳам, фақат фойдали бўлади. Глобаллашган дунёда ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликлар – ички зиддият ва зўриқишларни энг тез ва самарали ҳал қилувчи восита ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид