17 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Иситиш мавсуми бошланадиган сана, пойтахтда тасдиқланган пулли “парковкалар” нархи, уч йилда таъмирланадиган 4700 та кўприк ва рекорд даражага етган электромобиллар савдоси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Иситиш мавсуми қачон бошланади?
13 октябрдан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Урал ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келди. Марказлашган иссиқлик тармоғига уланган кўп қаватли уйлар эса совиб қолди.
Қурилиш, уй-жой коммунал вазирлиги матбуот хизмати қонунчиликка мувофиқ суткалик ҳарорат 5 кун давомида кетма-кет 8 градусдан паст бўлгандан кейин иситиш мавсуми бошланиши керак.
Бу йил куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти қачон бошланади?
Ўзгидромет матбуот хизматининг маълум қилишича, ташқи ҳароратнинг суткалик 8 градусдан паст бўлиши яқин бир ҳафта ичида кузатилмайди.
Демак, истиш мавсуми қачон бошланиши ҳозирча номаълум.
Тошкентда пулли “парковка” нархлари тасдиқланди
Тошкент шаҳар ҳокимининг 16 октябрда қабул қилган қарори билан пойтахт кўчалари 5 та тариф зонасига ажратилади ва пулли автотураргоҳлар ташкил этилади.
Шу ҳужжат билан пулли автотураргоҳлардан фойдаланиш нархлари белгиланди. Зоналарга қараб машиналарни парковка қилиш нархлари соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача белгиланган.
Таъкидланишича, 2025 йил 1 январгача “Tashkent Invest Компанияси” АЖ ҳокимлик ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Пулли тўхтаб туриш жойлари” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини фойдаланишга топширади. Ишлаб чиқилган тартибга кўра, пулли паркинглар инвесторларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади.
Тўловлар биллинг тизими ҳисоблагичи маълумотлари асосида нақдсиз усулда ёки нақд пулда амалга оширилади.
Паркингдан фавқулодда вазиятлар ва махсус хизматлар фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари; I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ногиронларнинг транспорт воситалари, жумладан, ногиронлар учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари текин фойдаланади
4700 та кўприк уч йил ичида таъмирланади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябр куни йўл хўжалиги соҳасида қилинган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин кунларда «Қўнғирот-Бейнау» йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади.
“Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган жами 4 минг километрлик халқаро йўлларимиз энг юқори талабларга жавоб бериши шарт”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш, уларни қатнов даражаси юқори бўлган участкаларда қуриш зарурлиги қайд этилди.
Бугунги кунда 4700 та кўприк таъмирталаб ҳолатда. Уч йиллик дастур ишлаб чиқиб, уларни босқичма-босқич таъмирлаш вазифаси қўйилди.
Тошкент вилоятига мингта янги автобус харид қилинади
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев транспорт соҳасидаги хизматларни яхшилаш бўйича топшириқ берган. Бунинг учун 1 мингта янги автобус харид қилинади.
Транспорт бошқармаси аҳолининг фикрини ўрганган ҳолда, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан вилоят маъмурий маркази Нурафшон шаҳри ва пойтахт Тошкент шаҳрига янги қатнов йўналишларини ишга туширади.
Таъкидланишича, ташкил этилаётган жамоат транспорт йўналишларининг марказида Нурафшон шаҳри туриши лозимлиги алоҳида қайд этилган.
Электромобиллар савдоси рекорд даражага етди
Сентябр ойида Ўзбекистонда гарчи янги енгил автомобиллар савдоси сегменти ўсган бўлса ҳам, умумий автомобил савдоси 1,1 фоизга камайди. Электромобиллар савдоси эса рекорд даражага етди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига кўра, сентябр ойида автомототранспорт воситаларининг умумий сотуви 110,1 минг донани ташкил этди, бу август ойига нисбатан 1,1 фоизга кам. Йиллик ҳисобда бозор фаоллиги 25,5 фоизга камайди.
Бирламчи енгил автомобил бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 10,3 фоизга ёки қарийб 3800 та автомобилга ошган. Йиллик ҳисобда фаоллик барқарорлашмоқда: агар август ойида савдонинг пасайиши 1 фоиз даражасида бўлган бўлса, сентябр ойида 7,7 фоизлик ўсиш кузатилди.
Хорижий енгил автомобиллар бозоридаги ўсиш секинлашди. Агар август ойида ушбу сегментдаги сотувлар 25,6 фоизга ошган бўлса, сентябрда бу кўрсаткич 4,5 фоизгача секинлашди ва тахминан 3300 донани ташкил этди.
Енгил электромобиллар сегменти фаоллик кўрсатмоқда. Савдолар рекорд даражада 2,4 баравар ўсишни кўрсатди, бу бутун кузатув давридаги энг катта ўсиш ҳисобланади. Августда 4240 га яқин электромобил сотилган бўлса, сентябр ойида бу кўрсаткич 1700 га яқин бўлди.
Мавзуга оид
21:02 / 26.12.2024
26 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:21 / 25.12.2024
25 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:11 / 24.12.2024
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024