Нетаняҳу: ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»да Россия қуролларини топди
Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ» базаларини тинтув қилиш чоғида «энг замонавий» рус қуролларини топди, деди бош вазир Нетаняҳу.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) аскарлари «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти жангчилари базаларини тинтув қилиш чоғида Россиянинг «энг замонавий» қуролларини топди, деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 16 октябр, чоршанба куни Франциянинг Le Figaro газетасига берган интервюсида.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, БМТнинг 2006 йилдаги резолюциясига кўра, Исроил ва Ливан чегарасидан оқиб ўтувчи Летани дарёсининг жанубида фақат Ливан армиясида қурол-яроғ бўлиши мумкин. «Аммо, «Ҳизбуллоҳ» бу ҳудудда юзлаб туннел ва яширин жойлар қазди, у ерда биз ҳозиргина замонавий рус қуролларининг бир нечтасини топдик», — дея унинг сўзларини келтиради нашр.
Аввалроқ The Washington Post (WP) Исроил расмийларига таяниб, Ливан жанубида ЦАҲАЛ ҳарбий амалиёти чоғида Россия ва Хитойнинг танкка қарши қуроллари топилгани ҳақида хабар берган эди.
ОАВ: Исроил Эроннинг ядровий иншоотларига зарба бермайди
Исроил Эронга жавоб зарбаси беришда ядровий ёки нефт эмас, балки Ислом Республикасининг ҳарбий объектларини нишонга олади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байденга маълум қилди, деб ёзди The Washington Post 15 октябрга ўтар кечаси. Афтидан, гап икки етакчи ўртасида 9 октябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида кетмоқда.
Исроилнинг фақат Эрон ҳарбий объектларига ҳужум қилиш режаси Вашингтонда «енгиллик» билан кутиб олинди, деб ёзади WP. Нашрнинг қайд этишича, таҳлилчилар Эрон нефт обектларига ҳужум дунёда энергия нархининг ошишига, ядровий иншоотларга ҳужум эса янада кескинлашувга олиб келиши ва Қўшма Штатларни можарога тортиши мумкинлигидан хавфсираган. Байден аввалроқ Исроилни «бошқа вариантлар ҳақида ўйлашга» чақирган эди.
The Washington Post нашрига кўра, Нетаняҳу ҳозир эгаллаган «нисбатан вазмин позиция» АҚШ президентининг Яқин Шарқдаги иттифоқдошига THAAD ракетага қарши кучли мудофаа тизимини юбориш қарорига таъсир кўрсатди. Пентагон 13 октябр куни Исроилда THAAD батареяси жойлаштирилишини маълум қилди.
Вашингтондаги манбанинг WP нашрига айтишича, Исроилнинг Эронга зарбаси АҚШда 5 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан амалга оширилиши керак. Агар Исроил ўз ҳудудининг оммавий ўққа тутилишига жавоб бермаса, Теҳрон буни заифлик белгиси сифатида талқин қилиши мумкин, деб ёзади газета. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар билан маслаҳатлашувлар натижасида Исроил «яқин ҳафталарда» Ливандаги операциясини тўхтатишини эълон қилди, деб ёзади газета.
Мавзуга оид
14:47 / 18.12.2024
Исроил нега Сурияга тўсатдан зарба берди ва янги кучлар тақсимотидан нималар кутилмоқда?
11:53 / 09.12.2024
ЦАҲАЛ Сурия билан чегарадаги буфер зонага кирганини эълон қилди
15:02 / 02.12.2024
Исроил ва Ливан сулҳидан кейин одамлар уйларига қайтмоқда — фотосуратлар
16:42 / 01.12.2024