Жамият | 11:08 / 17.10.2024
51863
3 дақиқада ўқилади

“Аскарларнинг ўликларини ташидим” - Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

Булунғурлик 56 ёшли шахс Россия фуқаролигини олиш учун ушбу давлатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасига мурожаат қилган. Элчихонада кўрсатилган йўл-йўриқ асосида Челябинск вилоятига бориб, Россия фуқаролигини олган эркак кўп ўтмай Украинага қарши урушга жалб этилган. 2023 йил октябрида Донецк вилоятида уларга Украина ҳарбийлари дронлардан гранаталар билан ҳужум қилган. У граната “осколка”лари тегиши оқибатида ўнг ва чап оёқ тизза соҳалари ҳамда қўлларидан яраланган.   

Фото: ТАСС

Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик эркакка ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган Ш.Ж. 2023 йил август ойида Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига ёлланган. У 2023 йил 28 августдан 11 октябр кунига қадар Донецк ва Луҳанск вилоятларида Украина давлатига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. 

Ш.Ж.га Россия фуқаролигини олиш учун ушбу давлатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасидан “йўлланма” берилган. Буни у суддаги кўрсатмасида айтиб ўтган.

2005 йилдан буён даромад орттириш мақсадида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида электрик бўлиб ишлаб келаман. Бу давр мобайнида ҳужжатларни расмийлаштиришда кўплаб қийинчиликларга учрадим. Шу сабабли 2023 йил апрел ойида, Ўзбекистонда бўлган пайтим Россия Федерациясининг Тошкент шаҳридаги элчихонасига мурожаат қилдим. У ерда менга Челябинск вилоятига боришимни айтиб, ушбу жойда Россия фуқаролигига ўтиш масаласи кўрилиши тўғрисида йўлланма беришди.

Челябинск вилоятига бордим ва СССР даврида туғилганим учун Россия фуқаролигини олдим. 2023 йилнинг 28 август куни Санкт-Петербург Мудофаа ишлари бошқармасига ҳисобга қўйиш учун борганимда, улар Россия Федерацияси Қуролли кучларига ҳарбий хизматга кириши учун шартномага қўл қўйдириб олишди. Ушбу шартномани ўқиб ҳам кўришга улгурмадим.

Шундан сўнг Россия мудофаа вазирлиги ходимлари мени ҳарбий ўқув полигонига олиб борди ва ҳарбий кийим-кечак кийдириб, қурол беришди. Сўнгра мени ва бошқаларни 1 ой ҳарбий тайёргарликдан ўтказишди.

Ҳарбий тайёргарликдан кейин бизларни Донецк вилоятига, Россия ва Украина давлатлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлаётган жойга юборишди. Ҳарбий ҳаракатларда Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда қўриқлаш хизматини олиб бордик. Шунингдек, эгалланган ҳудудларда вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг ўликларини ташиш ишлари билан шуғулландик”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

Ш.Ж.нинг қўшимча қилишича, 2023 йил октябр ойида Донецк вилоятида уларга Украини ҳарбийлари дронлардан фойдаланган ҳолда гранаталар билан ҳужум қилган. У граната “осколка”лари тегиши оқибатида ўнг ва чап оёқ тизза соҳалари ҳамда қўлларидан яраланган. Шундан сўнг у Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий госпиталга жойлаштирилган. Даволаниб чиққанидан кейин эса маълум муддат Россия давлатида ишлаб келаётган ўғли билан яшаган. 2024 йилнинг 25 апрел куни ота ва ўғил Ўзбекистонга қайтиб келган. 

Суд ҳукми билан Ш.Ж. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олдинроқ “Вагнер”га ёлланиб, ҳарбий ҳаракатларда қатнашган наманганлик йигит 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди

Мавзуга оид