Қозоғистон бош мураббийи Черчесов қозоқ тили ҳақидаги ҳазили учун жазоланди
Унинг матбуот анжуманида қозоқ тилида берилган саволга жавоби кўплаб мухлислар томонидан ҳақорат сифатида қабул қилинган эди.
Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи, россиялик Станислав Черчесов қозоқ тилидаги ҳазил учун 738 минг тенге (тахминан 19 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди.
13 октябр куни Қозоғистон миллий жамоаси Словенияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган Миллатлар Лигаси ўйинидан кейинги матбуот анжуманида Черчесовга қозоқ тилида савол берилди. У савол берган журналистнинг Франциянинг ПСЖ клуби либосида эканини кўриб, унга жавобан: «Ҳозир французча гапиряпсизми?», деди.
Черчесовнинг истеҳзоли гаплари ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида кўплаб эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳолат юзасидан Қозоғистон футбол федерациясидан тушунтириш талаб қилди.
Футбол федерацияси Черчесов этика регламентига кўра жаримага тортилганини маълум қилди.
«Черчесовнинг ҳазиллари, албатта, чегарадан ошиб кетди. У билан шахсан суҳбатлашиб, давлат тилининг долзарблиги ва устуворлигини тушунтирдим. У билан суҳбатлашдик, тушунтириш олиб бордик», деди федерация раҳбари Адилет Барменқулов.
61 ёшли Станислав Черчесов 2016 йилдан 2021 йилгача Россия миллий жамоасини бошқарган. Унинг қўл остида россияликлар 2018 йили ўз майдонида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида энг яхши натижалардан бирини кўрсатди – чоракфиналга қадар етиб бориб, пеналтилар сериясида Хорватияга ютқазди.
2024 йил июн ойида Черчесов Қозоғистон миллий жамоасига бош мураббий бўлди. Илк матбуот анжуманларидан бирида унга қозоқ тилида савол берилди, Черчесов эса: «Мен сизга осетин тилида жавоб бера оламанми?», деди. Бу ҳолат ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Словенияга қарши ўйиндан кейинги можарога изоҳ бераркан, Қозоғистон футбол федерацияси Черчесовнинг ёнини олди ва унинг «қозоқ тилини жуда ҳурмат қилиши» ва уни «фаол ўрганаётганини» тушунтирди. Бироқ кейинчалик, мураббийнинг қозоқ тили ўқитувчиси ҳозирча фақат битта дарс бўлганини айтди.
Мавзуга оид
17:57
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
15:00 / 18.12.2024