Жаҳон | 12:30 / 18.10.2024
4065
3 дақиқада ўқилади

Италия бош вазири Мелони Берлинга нега бормаслигини тушунтирди

G7'га раислик қилаётган Италия бош вазири Европада йўқлиги сабабли Германия пойтахтида бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари йиғилишида иштирок эта олмайди. Байден, Шолц, Стармер ва Макрон Берлинда учрашади.

Фото: AP

Италия бош вазири Жоржа Мелони Европанинг уч давлати етакчиларининг АҚШ президенти Жо Байден билан Берлиндаги учрашувига келмаслигини Яқин Шарққа шошилинч сафари билан изоҳлади. Бу ҳақда у 17 октябр, пайшанба куни Европа Иттифоқи саммити учун Брюсселга ташрифи чоғида маълум қилди. «Мен ҳеч қандай ҳолатда қатнаша олмайман», деди Мелони ва эртаси куни Ливанда бўлишини қўшимча қилди.

«Балки ўртада муҳокама қилгандан кўра, минтақадаги ўйинчилар билан гаплашиш фойдалироқдир. Шунинг учун ҳам ҳозир бу сафар менинг устувор вазифам», — дея қўшимча қилди Италия бош вазири. Бу баёнот Римда ғазабга сабаб бўлди, деб таъкидлади dpa агентлиги. Ҳозирда Италия «Катта еттилик» гуруҳига (G7) раислик қилмоқда.

Италия бош вазири Иордания ва Ливанга ташриф буюради

Италия Бош вазири Жоржа Мелони 18 октябр куни аввал Иорданияга, кейин эса Ливанга ташриф буюради.

Италия бош вазири канцелярияси маълумотларига кўра, Мелони жума куни тушда Ақабадаги қироллик саройида Иордания қироли Абдулла II билан учрашади, сўнгра Ливан пойтахти Байрутга боради ва у ерда бош вазир Нажиб Микати билан учрашади.

Бир кун олдин Мелони Италия парламентига Ливанга ташриф буюриш режалари ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Антонио Таяни келаси ҳафта Исроил ва Фаластинга боришини айтди.

«Биз ва иттифоқчиларимизнинг кўп саъй-ҳаракатларига қарамай, Ливандаги вазиятдан қаттиқ хавотирдаман. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги вақтинчалик кучлари позициялари Исроил томонидан ўққа тутилди. Жабрланганлар ёки жиддий вайронагарчиликлар ҳақида хабар берилмаган бўлса-да, Исроилнинг ҳужумларини қабул қилиб бўлмайди. Мен Исроил кучларининг ёндашуви мутлақо асоссиз ва БМТнинг 1701-резолюциясини очиқдан очиқ бузади, деб ҳисоблайман», — деди Мелони парламентда сўзлаган нутқида.

Мавзуга оид