Фан-техника | 18:42 / 18.10.2024
10568
2 дақиқада ўқилади

Мобил 6G интернет тезлиги бўйича янги рекорд ўрнатилди

Британиялик олимлар интернет маълумотларини узатиш тезлигида катта натижага эришди. Бу келажакдаги алоқа тармоқларида катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор ва самарали узатиш учун янги истиқболларни очади.

Фото: Getty Images

Лондон Университет коллежи олимлари интернет маълумотларини узатиш тезлиги бўйича янги рекорд ўрнатди. Улар 938 Гбит/с тезликка (бу бир сонияда 20 дан ортиқ ўрта метражли филмларни юклаб олишга тенг) эришиб, 6G технологиясини ишлаб чиқишга янада яқинлашди.

Таъкидланишича, 5G тармоқлари асосан сониясига 100 мегабит атрофидаги маълумот узатиш тезлигини таклиф этади. Бу ютуқ электрон ва оптик узатиш усулларининг инновацион уйғунлигига асосланган бўлиб, у жамоага симсиз тармоқлардаги чекловларни бартараф этиш имконини берди.

Симсиз тармоқлар тор частота оралиғидаги радиотўлқинлар ёрдамида ишлайди, бу эса тармоқнинг ортиқча юкланишига ва маълумотлар узатилиши секинлашишига олиб келиши мумкин.

Университет олимлари бу муаммони радиотехнологиялар ва оптик ечимларни бирлаштирган ҳолда кенг частоталар спектридан фойдаланган ҳолда ҳал қилди.

Жамоа ушбу ноодатий тезликка эришиш учун иккита частота оралиғидан фойдаланган — бири 100 ГГц атрофида, бошқаси эса 130-175 ГГц оралиғида. Компютер процессорларида қўлланиладиган кварц генератори узатиш жараёнида сигнални барқарорлаштириш вазифасини бажарди.

Тадқиқот бош муаллифи доктор Жисин Лю уларнинг ёндашуви иккита синалган технологияни бирлаштирганини айтди:

  • юқори тезликдаги электроника;
  • миллиметр тўлқин диапазонидаги фотоника.

Бундай комбинация катта ҳажмдаги маълумотларни мисли кўрилмаган тезликда узатиш имконини беради.

Тезликдан ташқари, ушбу технология тармоқнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш орқали кўп сонли фойдаланувчиларга бир вақтнинг ўзида маълумот узатиш имконини берувчи такомиллаштирилган ўтказувчанлик қобилиятини ҳам таъминлайди.

Ушбу ютуқ келажакдаги алоқа тармоқларида катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор ва самарали узатиш учун янги истиқболларни очади.

Мавзуга оид