Ўзбекистон | 21:47 / 18.10.2024
4664
6 дақиқада ўқилади

Тирбандлик, трамвай лойиҳаси, ҳайдовчиларга жазо ва темирйўлларда сифат – транспорт вазири билан интервю

Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, тирбандликни тўхтатиб бўлмайди, фақатгина унинг тезлашишини секинлаштириш мумкин. Жамоат транспортига алтернатив сифатида трамвай лойиҳаси устида ишланмоқда, вазир ундан воз кечилмаганини, аммо аввал долзарб бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилишини маълум қилди. Шунингдек, у автобуслар махсус йўлагидан юрган автотранспорт ҳайдовчилари қатъий жазоланиши, бу борада қонунчиликка ўзгартириш киритилаётганини қайд этди.

18 октябрь куни Тошкентда “Транспорт соҳасида ислоҳотлар, Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг соҳадаги ўрни” мавзусида панель сессияси ўтказилди.

Унда қатор халқаро молиявий ташкилотлар билан бирга Ўзбекистон Транспорт вазирлиги масъуллари, хусусан, вазир Илҳом Маҳкамов ҳам иштирок этиб, сўнгги вақтларда пойтахт кўчаларидаги тирбандлик муаммоси, жамоат транспортига альтернатив сифатида трамвайни қайтариш ва автобуслар учун махсус йўлакларнинг назорати ҳақида саволларга жавоб берди.

[Тирбандлик муаммоси] анчадан бери ўрганиб келинади. Биринчи навбатда бу шахсий транспорт воситаларининг кўпайиб бориши [билан боғлиқ], табиий ҳол. Иккинчиси йўлларимизнинг ўтказувчанлик қобилиятига нисбатан шахсий транспортлар кўпроқ. Энди асосий масала – биз тирбандликни барибир тўхтата олмаймиз, фақат тезлашиш жараёнини секинлаштиришимиз мумкин. Жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланиш, жозибадорлигини ошириш орқали йўловчиларимизни кўпроқ жамоат транспортига тортишимиз мумкин.

Энди ўзингиз биласиз, анча ишлар амалга ошириляпти. Бугунги кунда инфратузилмада лойиҳавий ўзгаришлар қилиняпти, чорраҳалар тўғриланяпти. Буларнинг ҳаммаси жуда мураккаб ва озгина вақт талаб қиладиган ишлар-да. Ўйлайманки, 1-2 ойда қандайдир натижага эришиш ниҳоятда мураккаб бўлади.

Маданият ва фойдаланиш жиҳатдан бутун жамиятимиз, йўловчиларимиз, шахсий автотранспорт ҳайдовчиларнинг – барчанинг ҳамкорлиги керак. Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлса, шаҳарда биттада чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, йўлларга жамоат транспорти ҳаракатланиши учун йўналишларни белгилаш – буларнинг ҳаммасига албатта катта молиявий маблағ талаб қилинади. Лекин бизда шаҳар ҳокимиятига бу соҳаларни қилиш учун йилма-йил пул ажратилади. Лекин пуллар ажратилгани билан буларни физиологик жиҳатдан ҳам қилиб бўлмайди. Йилма-йил битта-битта кўчани тўғрилаб келишяпти. Илмий жиҳатдан кўп вақт кетди, қайси услубда қайси кўчани реконструкция қилиш, яъни қайта таъмирлаш, қайси чорраҳага қандай ўзгаришлар, енгилликлар қўллашга вақт кетди”, – деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, яқинда давлат раҳбарига тақдимот қилинган мавжуд Тошкент бош режасида илк маротаба транспорт масаласи акс эттирилган. Яъни одамларнинг ишлаш жойлари ўзгарувчанлиги ҳисобига қаерда йўловчиларнинг йиғилиши, кўпайиши, ўтказувчанлик қобилиятлари – ҳамма ўзгаришлар “генплан”да кўзда тутилган ва яқин кунларда унинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, вазир жамоат транспортига альтернатив сифатида трамвай лойиҳасидан воз кечилмагани ва унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилаётганини билдирди.

Транспорт лойиҳаси четга сурилмади, бу лойиҳа, албатта, бугунги Тошкент шаҳрининг ривожланишида, янги ва эски Тошкент боғланишига лойиҳалаштириляпти. Лекин бир нарсани тушунишимиз керак, ҳозир ўзингиз айтяпсизларки, чорраҳаларни тўғрилашда молиявий маблағлар ажратилиши-чи, деб.

Биз биринчи навбатда пулни ўта долзарб бўлган инфратузилма лойиҳаларига ажратишимиз керак ва қадамма-қадам йирик лойиҳаларга ўтишимиз керак деб ўйлайман. Биз албатта, трамвайни қўллаш жиҳатдан техник-иқтисодий асосларини, лойиҳаларини ишлаб чиқяпмиз”, – деди у.

Маҳкамов трамвай линиялари айнан қайси ҳудудларда туширилиши лойиҳа амалга оширилишни бошлаганида эълон қилинишини маълум қилди.

Қолаверса, вазир ҳозирда қўл бошқарувида ишлаётган автобуслар учун махсус йўлакларнинг назорати борасида ҳам гапириб ўтди. Унинг айтишича, жамоат транспортининг алоҳида йўлакларидан юрган ҳайдовчиларга нисбатан жазо муқаррар бўлиши лозим.

Йўл ҳаракатланиш қонунини бузган ҳайдовчига нисбатан жазо ҳам, чора ҳам кўрилиши керак. Биз ИИВ билан ҳамкорликда бу ишларни амалга оширяпмиз. Лекин тизимли равишда бунга чек қўйиш учун автобусларга алоҳида камераларни харид қиляпмиз, камераларни ўрнатяпмиз. Ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш учун қонунларга ўзгартириш киритганмиз.

Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бунинг музокаралари бошланди. Улгурсак, ҳозирги ишлаётган Қонунчилик палатаси аъзолари билан қабул қилишга ҳаракат қиламиз. Улгурмасак, янгисида буни амалга оширамиз. Лекин бу ишларни тўхтатиб қўйдик дегани эмас. ИИВ билан ҳамкорликда бизнинг Транспорт инспекциямиз доимий равишда бунинг назоратини олиб боришяпти.

Тўғрисини айтиш керак, 100 фоиз “А” полосали йўлакларга кирмаслик ҳайдовчилар томонидан риоя этилаётгани йўқ. Бу жиҳатдан ҳам қатъийроқ чоралар кўрамиз. Сабаби энди жамоат транспортига йўлни беришимиз керак”,– деди Илҳом Маҳкамов.

Транспорт вазири билан бўлган интервюни юқоридаги видео орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. Интервю давомида Маҳкамов темирйўлларда йўловчи ташиш хизмати, поезд вагонларидаги сифат масаласи ҳамда умуман вазирларнинг матбуот анжуманларида нима сабаб кўриниш бермаётганига изоҳ берган.

Мавзуга оид