Жаҳон | 13:29 / 19.10.2024
7253
10 дақиқада ўқилади

Boeing’дан ва Airbus’гача: Дунёнинг энг йирик авиасозлик компаниялари

Ҳар йили дунёда бир неча минг дона турли русум ва катталикдаги йўловчи ташувчи самолётлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг аксариятини иккита компания - Boeing ва Airbus тайёрлаб бермоқда. Кичик ўлчамдаги шахсий самолётлар эса кўпроқ Bombardier ва Embraer компанияларида ишлаб чиқарилади.

Фото: bombardier.com

Бугун дунёда йўловчи ташувчи самолётлар ишлаб чиқариш соҳасида иккита компания етакчилик қилмоқда. Булар – АҚШнинг Boeing ва Европанинг бир неча давлати ҳамкорликда ташкил этган Airbus компаниялари.

Бу икки компания ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб гегемонликни ўрнатган ва ўшандан буён дунёнинг аксарият авиакомпаниялари Boeing ва Airbus самолётларидан фойдаланиб келмоқда.

Ушбу материалда дунёнинг энг йирик йўловчи ташувчи самолётларини ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳақида сўз юритамиз.

Airbus

1960-йилларда дунёда йўловчи самолётларини ишлаб чиқаришда АҚШнинг Boeing, McDonnell Douglas ва Lockheed компаниялари гегемон эди.

СССРда ҳам кўплаб самолётлар ишлаб чиқарилган, бироқ уларнинг асосий қисми Аэрофлот учун берилар, хорижга кам миқдорда сотиларди. Шу сабабли дунёнинг жуда кўплаб давлатлари самолётларни асосан америкаликлардан олишарди.

А-300 самолёти \ Фото: Shutterstock

Ана шундай шароитда 1970 йилда европаликлар самолёт ишлаб чиқарувчи консорциум ташкил этишади. Унинг дастлабки таъсисчилари Франциянинг Aerospatiale, Германиянинг Deutsche Airbus (кейинчалик номи Daimler-Benz Aerospace деб ўзгартирилган) эди.

1971 йилда консорциум таркибига 4 фоизлик улуш билан Испаниянинг Construcciones Aeronauticas S.A. (CASA) компанияси, 1979 йилда 20 фоизлик улуш билан Британиянинг Hawker Siddeley компаниялари ҳам қўшилади.

Консорциумнинг биринчи самолёти – А300 илк бор 1972 йилда парвоз қилади. Унинг фюзеляж қисми Германияда, дум қисми Испанияда, қанотлари Британияда тайёрланади.

Дастлабки самолётларга Британиянинг Rolls-Royce plc компаниясида ишлаб чиқарилган двигателларни ўрнатиш режа қилинади. Бироқ буюртмалар кўплиги учун Rolls-Royce plc двигателлар етказиб беришни кечиктиради.

Шундан сўнг А300га General Electric компаниясида тайёрланган двигателлар ўрнатилади. Компания икки йил ичида А300 самолётларидан жуда кўп буюртма олади.

А-320 \ Фото: stock.adobe.com

Кейинчалик, 1978 йилда А310, 1984 йилда А320, 1990-йиллар бошларида А330 ва А340 самолётлари ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, консорциум томонидан А318, А319, А321, А350 ва А380 самолётлари ишлаб чиқарилган. Булардан А330, А340, А350 ва А380 кенг фюзеляжли самолётлар ҳисобланади.

1980-йилларда консорциум Боингдан сўнг дунёнинг самолёт ишлаб чиқарувчи иккинчи йирик компаниясига айланади. Сўнгги йилларда консорциум Боинг билан биргаликда дунёнинг самолёт ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялари бўлиб турибди.

1990-йилларда консорциум номи European Aeronautic Defence and Space Company NV деб ўзгартирилади. 2015 йилда эса у Airbus Group корпорациясига айланади.

А-380

Бугунги кунда Airbus Group корхоналарида қарийб 100 минг одам меҳнат қилмоқда. Корпорация сўнгги йилларда ҳар йили ўртача 250-300 дона самолёт ишлаб чиқармоқда.

Boeing

Boeing компанияси 1916 йилда Уилям Боинг томонидан ташкил этилган. Компания ташкил этилганда номи бошқа бўлган. 1917 йилда у Boeing Airplane Company номини олади.

Илк самолёти Boeing Model 1 деб аталган ва унинг синов парвозини синовчи учувчи кечиккани учун Уилям Боингнинг ўзи ўтказган.

Боинг-247

Компаниянинг техник жиҳатдан илк мукаммал самолёти 1933 йилда ишлаб чиқарилган Boeing 247 эди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида компания кўпроқ ҳарбий самолётлар тайёрлайди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин компания асосий урғуни ҳарбий самолётлар ясашга қаратади ва йўловчи самолётларни тайёрлашда рақобатчилардан ортда қолади.

Кўп ўтмай раҳбарият хатога йўл қўяётганини англайди ва 1954 йилда замонавий Boeing 367-80 самолёти тайёрланади.

1957 йилда Boeing 707, 1963 йилда Boeing 727, 1964 йилда Boeing 737 самолётлари ишлаб чиқарилади. 1961 йилда компания номи The Boeing Company деб ўзгартирилади.

Боинг-707

1966 йилда компания фуқаро авиацияси тарихида биринчи бўлиб кенг фюзеляжли ва икки қаватли Boeing 747 самолётини тайёрлайди.

Кейинчалик, Boeing 757, Boeing 777 самолётлари ясаб чиқилади. Айнан Boeing 777 тўхтамасдан 21 600 км масофани учиб ўтган ва йўловчи самолётлари орасида рекорд ўрнатган. Ҳанузгача бошқа йўловчи самолётлари бу рекордни янгилай олишмади.

Боинг-747

1990-йиллар бошларида компания корхоналарида 150 мингдан ошиқ одам ишларди. Ўшанда дунё автосаноатида, шу жумладан Boeing компаниясида ҳам инқироз юз беради. Компания ишчиларнинг ярмини ишдан бўшатишга мажбур бўлади.

Кўп ўтмай компания ўзини ўнглаб олади ва 1996 йилда ҳали инқироздан чиқа олмай турган Rockwell International ва 1997 йилда McDonnell Douglas компаниялари харид қилади.

Компания 2004 йилдан 2009 йилгача кенг фюзеляжли Boeing 787 Dreamliner самолётини тайёрлайди. Иккита двигател билан учувчи ушбу самолётдан жуда кўп буюртма тушади.

Boeing 787 Dreamliner

Компаниянинг штаб-квартираси Виржиния штатидаги Арлингтон шаҳрида жойлашган. Унинг бозор қиймати 2022 йилда 112 млрд долларни ташкил этган.

Bombardier Aerospace (Канада)

Bombardier Aerospace (2019 йилгача номи Bombardier Aviation) бўлган компанияси 2002 йилда ташкил этилган. Бу компания асосан кичик ўлчамдаги йўловчи самолётлар тайёрлайди.

Компания йўловчи самолётлар тайёрлашда анча йиллардан буён Бразилиянинг Embraer компанияси билан рақобатлашиб келади.

Bombardier Global 8000

Компания аввалига икки двигателли ва тор фюзеляжли самолёт ишлаб чиқаришга қарор қилади. Cseries100 деб номланган самолётни ишлаб чиқариш чўзилиб кетади.

Охир-оқибат 6 млрд доллар сарфланган лойиҳа барбод бўлади ва компания банкротлик ёқасига келиб қолади.

Шундан сўнг 2017 йилда Bombardier Aerospace ўзи лойиҳалаштирган Cseries100 самолётини рамзий 1 доллар эвазига Airbus концернига сотишга мажбур бўлади.

Airbus бу самолётни Airbus А220 номи билан ишлаб чиқаради. Википедия маълумотларига кўра 2024 йил 31 мартгача концерн бу самолётдан 326 дона ишлаб чиқарган ва уни дунёнинг турли авиакомпанияларига сотган.

Bombardier Global 6000  \ Фото: bombardier.com

Bombardier Aerospace катта самолётлар ишлаб чиқаришни эплай олмагач асосий эътиборни кичик ўлчамли самолётлар, жумладан бизнес-жетлар тайёрлашга қаратади.

Компаниянинг асосий корхоналари Квабек провинциясидаги Дорвал шаҳрида жойлашган ва уларда 40 минг атрофида ходим ишлайди.

Embraer

Embraer S.A. (тўлиқ номи Empresa Brasileira de Aeronáutica S.A.) компанияси 1969 йилда ташкил этилган. У Бразилиядаги йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Бразилия жуда катта мамлакат. Амазонка дарёси ва унинг саноқсиз ўзанлари туфайли бу давлатнинг жуда кўплаб ҳудудларига автомобил йўллари тортилмаган.

Embraer Phenom 300e \ Фото: skiesmag.com

Шу сабабли 1960-йилларда ҳукумат ҳудудлар ўртасида авиақатновларни кўпайтириш учун мамлакатда авиасозлик корхонаси ташкил этишга қарор қилади.

Компаниянинг биринчи самолёти EMB 110 Bandeirante бўлган. 1970-йилларда компания ҳарбий самолётлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган.

Кўп ўтмай компания АҚШнинг Piper Aircraft компанияси билан келишувга эришади ва унинг енгил самолётларини ҳам ишлаб чиқара бошлайди. Маълумотларга кўра, 1974-2000 йиллар оралиғида 2,5 минг дона Piper самолётларини тайёрлаб сотган.

1985 йилда турбовинтли EMB 120 Brasilia самолёти тайёрлана бошланади. Бу моделга хорижий давлатлардан ҳам кўп буюртмалар тушади.

1994 йил 7 декабрда компания хусусий шахсларга сотилади. 2010-йилларда компаниянинг 11,10 фоиз акцияси Bozano Group, 16,40 фоиз акцияси Previ – Бразилия пенсия фонди, 7,40 фоизи Sistel компаниялари, қолгани бошқалар эгалигида бўлган.

Embraer 195 \ Фото: shutterstock.com

Компания хитойликлар билан ҳамкорликда Harbin Embraer қўшма корхонасини ташкил этган. Бу компания асосан Хитой бозори учун енгил самолётлар ишлаб чиқаради.

Компания корхоналарида 20 минг атрофида ходим ишлайди ва у ҳар йили ўртача 200-250 дона самолёт ишлаб чиқариб сотади.

Хитой авиация саноати корпорацияси

Хитой авиация саноати корпорацияси (Aviation Industry Corporation of China – AVIC) аслида йириклиги жиҳатдан дунёда биринчи ўринда туради.

Корпорация активлари салкам 200 млрд, айланма маблағи эса қарийб 100 млрд, йиллик соф фойдаси 1 млрд долларга етади. Унинг турли корхоналарида 400 мингдан ошиқ ходим меҳнат қилади.

Хитойликлар ишлаб чиқарган кичик самолёт. Непал авиакомпанияси сотиб олган. \ Фото: nehandaradio.com

Хитой корпорациясининг рўйхатда биринчи ўринни эгаллай олмаслигига асосий сабаб, бу корпорация фуқаро авиация бозорида етакчи ҳисобланмайди.

Хўш, унда AVIC нима ишлаб чиқаради? Гап шундаки, Хитой корпорациясининг биргина Хитойнинг ўзида 100 дан ошиқ шуъба корхонаси бор. Уларда асосан Хитой армияси учун самолётлар, вертолётлар ва ички бозор учун кичик самолётлар тайёрланади.

Бундан ташқари, корпорация дунёнинг бошқа давлатларида жойлашган авиация компанияларига ҳам эгалик қилади.

Жумладан, AVIC 2010 йилда АҚШдаги авиация двигателлари ишлаб чиқарувчи Continental Motors ва 2011 йилда енгил самолётлар тайёрловчи Cirrus Aircraft компанияларини сотиб олади.

Хитойда ишлаб чиқарилган AVIC AG600 Jiaolong самолёти \ Фото: Aviationanalysis.net

2020 йилда AVIC ҳарбий саноат комплексида ишловчи компаниялар орасида 6-ўринни, ҳарбий буюртмалар олиш бўйича Америка компанияларини ҳисобламаганда 1-ўринни эгаллаганди.

Компания ишлаб чиқараётган самолёт ва вертолётларнинг асосий харидори сўнгги йилларда ҳарбий бюджетни кескин ошираётган Хитой ҳисобланади.

Фуқаро авиацияси учун тайёрланаётган самолётларни ҳам асосан Хитой авиакомпаниялари харид қилади. Лекин корпорация ишлаб чиқараётган йўловчи самолётлари унча оммабоп эмас. Хитойликлар улардан асосан ички қатновларда фойдаланади.

Юқоридаги компаниялардан ташқари, АҚШнинг Bell Aircraft, Cessna Aircraft Company, Gulfstream Aerospace Corporation, Sikorsky Aircraft компаниялари енгил самолётлар ва вертолётлар ишлаб чиқаради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид