Ўзбекистон | 21:06 / 23.10.2024
3163
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилга режа қилинмоқда

Мустақиллик йилларидаги илк демографик рўйхатлаш 2026 йил 15 июлидан 21 августигача ўтказилиши мумкин. Фармон лойиҳасига кўра, бунинг учун бош вазир раислигида республика комиссияси тузилади. Рўйхатга олиш ишлари учун планшетлар ва дастурий маҳсулотлар Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан сотиб олинади. Респондентлардан олинган маълумотлар сир сақланади.

Фото: Kun.uz

Статистика агентлиги “Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳа билан, аҳолини рўйхатга олишни 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августигача ўтказиш таклиф этилмоқда.

Бунинг учун бош вазир раислигида республика комиссияси, шунингдек, ҳудудий раҳбарлар раислигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Аҳолини рўйхатга олиш планшет қурилмалари ёрдамида ўтказилади. Бунинг учун зарур техник ва дастурий воситалар 2024–2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

Аҳолини рўйхатга олишда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ва шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, респондентлардан олинган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳаллалар уюшмаси ва Кадастр агентлиги 2025 йил 1 июлгача аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиши керак.

Олий Мажлис палаталарига 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилиши мумкин.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш бўйича чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.

2019 йил 5 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармони ўз кучини йўқотган деб топилиши кутилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамаси 6 ноябргача давом этади.

Аҳолини рўйхатга олишдан мақсад нима?

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, аҳолини рўйхатга олишдан мақсад – мамлакатда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида ишончли ва холис ахборотларни олиш, аҳоли таркибидаги, мамлакатнинг демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолаш, шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш учун шароитлар яратишдир.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган.

Кутилаётган рўйхатга олиш тадбирлари аввалига 2022 йилга мўлжалланган эди. Лекин коронавирус пандемияси туфайли бу муддат 2023 йил ноябрига қолдирилди, кейинроқ эса 2025-2026 йилларга кўчирилган эди.

Март ойида Статистика агентлиги расмийси аҳолини рўйхатга олиш учун 800 млрд сўм маблағ талаб этилишини айтганди.

Мавзуга оид