Жаҳон | 15:19 / 25.10.2024
2694
3 дақиқада ўқилади

“Кичкина шаҳзода” асарининг ноёб нусхаси 1,25 млн долларга сотувга қўйилди

Муаллиф уни ёзув машинасида чоп этган ва иллюстратив эскизлар билан безаган.

Фото: AP

Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” қиссаси ноёб нусхаси сотувга қўйилди. Китобнинг нархи 1,25 миллион АҚШ долларни ташкил этади. Уни ноябр ойида Абу-Дабида ўтказиладиган Халқаро маданият ва санъат фестивалида сотиб олиш мумкин.

Сент-Экзюпери “Кичкина шаҳзода”нинг ушбу нусхасини Ню-Йоркда яратган. У нацистларга қарши жангда француз қўшинлари мағлубиятга учрагандан сўнг АҚШга кўчиб ўтган. Адиб ўзининг энг машҳур қиссасини 1943 йилда чоп эттирди.

Ҳарбий учувчи бўлиб хизмат қилган ёзувчи 1944 йилнинг ёзида Франция жанубидаги жанговар парвоздан қайтмаган.

“Машинада терилган қўлёзмага эга бўлиш ғоят камёб ҳодиса”, — дейди китобни сотаётган Peter Harring Rare Books компаниясининг вакили Сэмми Жей.

Сент-Экзюпери ўзининг афсонавий қиссасини қўлда ёзган. Қўлёзма ҳозир Ню-Йоркда сақланмоқда. У, шунингдек, “Кичкина шаҳзода”нинг учта нусхасини ёзув машинасида чоп этган: уларнинг иккитасини дўстларига ҳадя қилган (булар Франция ва АҚШда сақланмоқда), сотувга қўйилган учинчисида “ҳадя ёзуви йўқ ва у ҳеч кимга совға қилинмаган”, деб таъкидлади Сэмми Жей BBC билан суҳбатда.

Мутахассиснинг айтишича, учинчи нусха “ўн йиллар давомида” Францияда хусусий коллекцияда сақланган, у учта нусха орасида ягона сотувга қўйилгани бўлди.

Петер Harring Rare Books компанияси китобни 2024 йилнинг бошида сотиб олган ва ўшандан бери уни синчиклаб ўрганиб келмоқда. Компания вакиллари маълум қилишича, китоб муқовасида ўчирилган сигарета излари мавжуд, саҳифаларида муаллифнинг қўлда ёзилган эслатмалар ва изоҳларни кўриш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу қўлёзмада “Кичкина шаҳзода” асаридаги энг машҳур сатрлардан бири илк бор қайд этилган бўлиши мумкин: “Энг муҳим нарсаларни кўз билан илғаб бўлмайди. Фақат юрак билан кўриш мумкин”.

Китоб иккита эскиз билан бирга сотилмоқда, улардан бири қиссада тасвирланган кичкина шаҳзоданинг дастлабки вариантини акс эттиради.

“Кичкина шаҳзода” XX асрнинг энг машҳур китобларидан бири бўлиб, унда саҳрога қўнишга мажбур бўлган учувчи ҳақида ҳикоя қилинади. Чўлда учувчи Ерга ташриф буюрган ўзга сайёралик болани учратади.