Ўзбекистон | 19:08 / 25.10.2024
2037
2 дақиқада ўқилади

Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди

Муддатидан олдин овоз бериш жараёни 16 октябрдан 23 октябргача бўлиб ўтди. Унда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар иштирок этди.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайловда 1 миллион 15 минг 948 нафар фуқаро муддатидан аввал овоз берди. Бу статистик маълумотларни Марказий сайлов комиссияси (МСК) тақдим этди.

Ҳудудлар кесимида муддатидан олдин овоз берган фуқароларнинг энг кўпи Фарғона вилоятида кузатилди – 219 минг 455 нафар сайловчи. Шунингдек, бу борада Самарқанд вилояти (181925), Қашқадарё вилояти (153365) ва Бухоро вилояти (109930) ҳам етакчи бўлди.

Муддатидан аввал сайловда қатнашганларнинг энг кам сони Жиззах ва Хоразм вилоятларида қайд этилди – мос равишда 6933 ва 6056 нафар.

Муддатидан олдин овоз бериш жараёни 16 октябрдан 23 октябргача бўлиб ўтди. Унда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди. Ҳозирча улар ҳақида статистик маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларига навбатдаги сайлов 27 октябр куни бўлиб ўтади. Уларнинг натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 150 нафар, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатлари 65 нафар, шунингдек, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва 208 та туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари сайланади.

Мавзуга оид