Жаҳон | 22:10 / 25.10.2024
9747
2 дақиқада ўқилади

Туркия пойтахтида теракт уюштирганларнинг шахси аниқланди

Улар Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзолари бўлиб чиқди.

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Анқарадаги теракт ижрочиларини аниқлади. Улар Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзолари бўлиб чиқди. Ушбу партия Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

«Ҳужум қилган ва ўлдирилган террорчининг шахсини аниқладик. Хоин Rojger лақабли КИП аъзоси Али Ўрек бўлиб чиқди», деб ёзди Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ижтимоий тармоқда.

Ички ишлар вазирлиги терактда иштирок этган аёлнинг ҳам шахсини аниқлади.

«Хоин КИП аъзоси Мине Севжин Алчичек бўлиб чиқди. Шундай қилиб, иккала ҳужумчи ҳам КИП аъзоси», деб ёзди вазир.

23 октябр куни Анқаранинг Қаҳрамонқозон туманидаги TUSAŞ авиация заводига ҳужум уюштирилди. Аввалига бино яқинида портлаш содир бўлди, шундан сўнг қуролланган жангарилар одамларга қарата ўқ узди. Оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 22 киши яраланди. Туркия Ички ишлар вазирлиги икки террорчи йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған террорчилик таҳдидларига қарши курашни давом эттиришга ваъда берди. Шу куни мамлакат Мудофаа вазирлиги Ироқ ва Суриядаги Курдистон ишчилар партиясига тегишли 32 та нишон йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид