Жаҳон | 12:10 / 25.10.2024
1368
2 дақиқада ўқилади

UNRWA бош комиссари: Ғазо шимолидаги одамлар ҳалок бўлиши мумкин

Филипп Лазарини Фаластин эксклавида ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Фото: AFP

Блокада остидаги Ғазо сектори шимолидаги фаластинликлар ҳалок бўлиши мумкин, дея ёзди БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) бош комиссари Филипп Лазарини ижтимоий тармоқда. У эксклавда ҳеч бўлмаганда вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга чақирди.

У Исроил армиясининг қарийб уч ҳафтадан бери давом этаётган ўққа тутиши туфайли Ғазо шимолида қурбонлар сони кундан кунга ортиб бораётганига эътибор қаратди.

Ҳатто UNRWA ходимлари дори-дармон, озиқ-овқат ва ичимлик сувини топишда қийналмоқда, деб ёзади Лазарини.

UNRWA бош комиссари, шунингдек, Исроил ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб чиқишга ва инсонпарварлик ҳаракатларига тўсқинлик қилаётганига эътибор қаратди. «Йўлларда ва вайроналар остида қолган жасадлардан ўлим ҳиди ҳамма жойда сезиляпти», — дейилади нашрда.

Ғазо сектори шимолидаги фаластинликлар ўзларини ташлаб кетилгандек, умидсиз ва ёлғиз ҳис қилмоқда, дейди у. «Ғазо шимолидаги одамлар ҳар лаҳзани ўлим қўрқуви билан ўтказяпти. Ғазо шимолидаги ходимларимиз номидан мен ҳудудни хавфсизроқ жойга тарк этишни хоҳловчи оилаларга гуманитар ёрдам хавфсиз ўтишини таъминлаш учун бир неча соатга бўлса ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақираман», — деб ёзади UNRWA раҳбари.

Мавзуга оид