Ўзбекистон | 18:09 / 25.10.2024
5446
1 дақиқада ўқилади

Янги Тошкент шаҳри учун Тошкент вилоятидан қўшимча ер ажратилди

110,4 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси»га ажратиб берилди.

Фото: Cross Works

Янги Тошкент шаҳри қурилиши учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан қўшимча ер майдони ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг қарори чиқди.

Қайд қилинишича, Юқори Чирчиқ туманидан давлат захирасига қайтарилган ҳамда тоифаси ўзгартирилган 110,4 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси»га ажратиб берилди.

Туманнинг Ўзбекистон, Гулистон, Истиқлол маҳаллаларидаги ҳудудлар Янги Тошкент ҳудудига ўтказилади.

Таъкидланишича, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан мазкур ер майдонларини белгиланган тартибда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ, Республика даражасидаги ижро органлари идоралари (вазирликлар) Янги Тошкент шаҳрига кўчирилиб, уларнинг ҳозирги бинолари сотилиши ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ, Тошкент вилояти Кадастр бошқармаси Янги Тошкент ҳудудига ўтаётган маҳаллалар ҳақида маълумот берди.

Мавзуга оид