Ўзбекистон | 19:09 / 28.10.2024
18299
3 дақиқада ўқилади

“Кўп миқдорда жаримам бор эди” – Самарқандда пора олган ИИБ ходими қамалди

Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили пора олганликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинди. У ноқонуний тарзда таркибида олтин зарралари бўлган тошларни майдаловчи тегирмон ишлатган фуқародан тезкор тадбирлар ҳақида олдиндан огоҳлантириб туриш учун пул олганда ушланган.

Фото: Kun.uz

Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1987 йилда туғилган Л.М. 2005 йилдан буён ички ишлар органларида, 2023 йил октябр ойидан эса Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили лавозимида ишлаб келган.

Л.М. фуқаро М.Қ.дан унинг таниши У.М.га таркибида олтин зарралари бўлган тошларни майдалаш тегирмонини ишлатишга шароит яратиб бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган тезкор тадбирлар ҳақида олдиндан огоҳлантириб туриш ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кўрмаслик эвазига пул талаб қилган. У 2024 йил 31 май куни Пахтачи тумани марказида ўзининг бошқарувидаги Сobalt машинасида М.Қ.дан 6 млн сўмни пора тариқасида олганда тезкор тадбирда ушланган.

Л.М. судда ўз айбига иқрорлик билдирган.

2024 йил май ойида олдимга ўзини М.Қ. деб таништирган шахс келди. У Пахтачи туманидаги таниши билан биргаликда ноқонуний равишда олтин қазиб олиш фаолияти билан шуғулланишини айтди. М.Қ. қазиб олинган рудаларни майдалаш учун тегирмон ишлатган вақтида уларга “раҳнамолик” қилишимни, туман ИИБ томонидан ўтказиладиган тезкор тадбирлар ҳақида айтиб туришимни, биргаликда ҳамкорлик қилишни таклиф этиб, топилган даромаддан фойда тариқасида беришини маълум қилди.

Унинг таклифини дастлаб тўлиқ рад этдим. Орадан бир-икки кун ўтиб, у қўнғироқ қилди. М.Қ.га телефон аппаратимга телефон қилмаслигини айтдим. Шундай бўлса-да у Telegram орқали қўнғироқ қилавергач, гаплашдим.

Унга тегирмонни фақат эрталаблари ишлатишни, агар ҳудудда ИИБ ходимлари томонидан тезкор қидирув тадбирлари амалга оширилса, хабар беришимни айтдим. Бу учун М.Қ.дан бирор марта пул талаб қилмаганман.

2024 йил 30 май куни М.Қ. телефон қилиб, пулларни тайёрлаганини, Навоий шаҳрида эканини билдирди. Унга Пахтачи туманига қараб келаверишни, кўришиб гаплашиб олишимизни айтдим.

Бир неча бор сўрайверганидан сўнг унга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчи бўлдим. Ўша вақтда ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлганим учун пулни олдим. Сабаби турмуш ўртоғим ва синглим касал бўлиб қолганди. Бундан ташқари, кўп миқдорда жаримам бор эди”, деган у кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Л.М. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга ички ишлар органлари тизимида 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ наркокурерга ёрдамлашган профилактика инспектори узоқ муддатга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид