Ўзбекистон | 14:23 / 29.10.2024
2445
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди

Ёнғин оқибатида савдо дўконининг шифт, том қисми ва кийим-кечак маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Самарқанд туманида жойлашган савдо дўконида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 29 октябр куни соат 9:04 да Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Валий маҳалласи Ғалаба кўчасида жойлашган савдо дўконларидан бирида ёнғин содир бўлгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар берилган.

Шунга кўра, 3 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 09:11 да етиб бориб, соат 09:40 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Фақат савдо дўконининг шифт, том қисми ва кийим-кечак махсулотлари ёниб зарарланган.

Қайд этилишича, ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда.

Мавзуга оид