Спорт | 10:50 / 01.11.2024
18499
6 дақиқада ўқилади

France Football бош муҳаррири Винисиус нега «Олтин тўп» ютмаганини тушунтирди

27 октябр куни Ла Лигада навбатдаги класико ўтказилди. Мадридда ўтган баҳсда Ҳанс-Дитер Флик бошчилигидаги «Барселона» «Реал»ни ҳақли тарзда, йирик ҳисобда мағлуб этди. Бир неча кун аввал собиқ жамоаси «Бавария»дан «Барса»нинг аламли мағлубияти учун қасос олиб берган Флик қасослар масаласидаги қарз дафтарини кўтарасига ҳисоб-китоб қилишни истаган кўринади «Реал»дан ҳам охирги йиллардаги мағлубиятлар учун реванш олди. Аммо Мадрид клуби учун бу ҳали ҳаммаси эмасди.

Мбаппе офсайдда

Класико куни «Барселона» ҳар жабҳада Мадридга имкон бермади. Айниқса Кубарси исмли болакай бошчилик мудофаачилар «Реал»нинг тилларда достон ҳужумчиларини мот қилишди. Бутун ўйин давомида «Реал» ҳужумчилари Винисиус, Мбаппе ва бошқалар нақ 12 марта ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолишди. Деярли барча офсайдлар «Барса»чилар томонидан сунъий тарзда юзага келтирилди. Ҳар сафар Мбаппега тўп ташланганда, ҳимоячилар синхрон тарзда олдинга ўтишди ва франсуз офсайдга тушиб қолаверди.

Футболни тушунадиганлар бу катта риск эканини билишади, чунки ҳимоячи бир см хато қилса бас – ҳужумчи дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетиши мумкин. Бир нечта вазиятда шундай бўлди ҳам, аммо ўша вазиятларда дарвозабон Пеня дуелларда ютқазмади. Тармоқда «Реал» футболчилари офсайдда қолиб кетаётгани роса муҳокама қилинди. Турли хил мемлар, карикатуралар чизилди.

Энди бутун «Реал» офсайдда

Класико куни Мбаппе офсайдда қолавериб, реалчиларни жиғибийрон қилган бўлса, икки кун ўтиб бутун «Реал» «ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди». Класикодан икки кун ўтиб Парижда «Олтин тўп» маросими ўтказилди. Класико куни Гави билан жанжаллашган Винисиус унга 4 та голни бармоқлари билан иддао қилган ёш рақибига «зато душанба куни «Олтин тўп» олишга боришини» айтиб мақтанганди. Бироқ мукофот топшириладиган кун кутилмаганда «Олтин тўп» топширадиган France Football журналидан аразлаган «Реал» вакиллари Парижга бормаслиги ҳақида хабар тарқалди.

Бу хабар Фабрисио Романо томонидан ёзилгач, футбол мухлислари нималар бўлаётганини тушунишди: Винисус «Олтин тўп»ни олмайди! Шундай бўлди ҳам. Охирги йилларда таянч яримҳимоячиси футбол учун қанчалик муҳим фигура эканини кўрсатган «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родри «Олтин тўп»га муносиб деб топилди.

Родри бир мавсум аввал Чемпионлар Лигаси финалида ҳал қилувчи голни урганди, бу йил эса 4 йилликнинг энг муҳим мусобақаси Европа чемпионатида мусобақанинг энг зўр футболчиси бўлди. Унинг рақиби Винисиус Жуниор эса Чемпионлар Лигаси ва Ла Лигада жуда зўр мавсумни ўтказганига қарамай мукофотга лойиқ кўрилмади. Балки бунга Винисиус Бразилия билан Копа Америкада ҳеч нарса қилолмагани, умуман, миллий жамоа сафида ёрқин ўйин кўрсатмаётгани сабаб бўлгандир.

Овозлар бўлиниб кетган

Табиийки, «Реал» мухлислари Вини мукофотни ютмаганидан ғазабланишди, буни сиёсатга боғлашди. Бироқ France Football бош муҳаррири ҳолатни жуда аниқ қилиб тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, овоз бериш жараёнида «Реал»нинг уч футболчиси Кроос, Карвахал ва Винисиус кучли бешликдан ўрин олган. Оқибатда «Реал» футболчиси бу мукофотга лойиқ деб ўйлаган журналистларнинг овозлари мана шу уч футболчи орасида тақсимланиб кетган. Шу боис Родрида имконият ошиб кетган.

Родри мукофотни қўлга киритиш орқали бир нечта рекордларни янгилади. Масалан, охирги 64 йил ичида илк марта испаниялик футболчи «Олтин тўп» ютди. Охирги марта Луис Суарес деган футболчи «Олтин тўп» ютган. Ундан кейин футболда бошқа Луис Суарес туғилиб, Европада олтин бутса олиб, ҳозир пенсияга чиқиш арафасида турибди.

Дунёнинг энг зўр лигаси АПЛда ҳам 2008 йилдан буён ҳеч ким «Олтин тўп» ютмаганди. Криштиану Роналдудан 16 йил ўтиб Родри бу ишни уддалади. Ва ниҳоят, «Манчестер Сити» футболчилари орасида Родри биринчи бўлиб Европанинг энг зўр совринини ютди.

Маросимдан кейин қизиқ ҳолат юз берди. Биласиз, Родри ижтимоий тармоқларда йўқ. Бундан бехабар реалчилар Instagram’га кириб Родрини қидиришди. Уларнинг олдидан эса бечора аргентиналик Родриго Де Паул чиқиб қолди. «Атлетико» футболчисининг аккаунти ҳақорат ва олтин тўпни ўғирлагани ҳақида изоҳларга тўлди. Қайсидир маънода бу ашаддий мухлислар ҳам офсайдга тушиб қолди дейиш мумкин.

Ана шунақа гаплар. Аввал бу мукофотни Месси олса, Роналду муносиб эди, дейишарди, Роналду олса, Месси мухлислари ранжирди. Бу икки даҳо курашдан чиқиб ҳам ўзига хос интрига давом этяпти. Кўпчилик бу мукофотнинг қадри қолмади дейишяпти. Лекин бундай эмас, қадри бўлмаганда Винисиус ва реалчилар бу қадар жаҳл отига минмасди. Қайтанга «Олтин тўп»ни ютишда энди интрига янада ошди. Ахир бундан буёғига France Football берадиган мукофот учун фақат ерликлар курашади…

Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид