Жаҳон | 10:27 / 02.11.2024
3682
4 дақиқада ўқилади

Ин қуришга хомашё, сузиш учун сол: ёввойи табиат пластикка қандай қилиб мослашди?

Пластик чиқиндилар атроф-муҳитга шунчалик аралашиб кетганидан, ҳайвонлар уларга мослашишга мажбур бўлмоқда. Кўплаб жониворлар пластикдан ўз мақсадлари учун фойдаланишни бошлаган.

Фото: Reuters

Япониянинг Окинава пляжида пластмасса қошиқча кўтариб юрган қисқичбақа тадқиқотчилар эътиборини тортди, жонивор ундан уй сифатида фойдаланади. Умуман олганда, бундай манзараларни тез-тез учратиш мумкин — ҳайвонлар табиатга аралашиб кетган пластик чиқиндилар орасида ҳаётга мослашишга мажбур бўлмоқда. Бундай муҳит кўплаб турларнинг одатий хатти-ҳаракатларини ўзгартиради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 435 миллион тоннага яқин пластик чиқиндилар ҳосил бўлади, шундан 22 миллион тоннага яқини атроф-муҳитга тушади. Ҳайвонлар пластикдан ўз яшаш муҳитини яхшилашда фойдаланмоқда: қушларнинг инларида, қисқичбақалар ва бошқа ҳашаротларнинг уйларида пластик элементларни кўриш мумкин.

2023 йилда тадқиқотчилар ҳаваскор табиатшунослар олган фотосуратларни таҳлил қилиб, бутун дунё бўйлаб қисқичбақалар бошпана учун чиғаноқ ўрнига кўпинча пластик буюмларни танлаётганини аниқлади. Пластик энг кенг тарқалган “материал”га айланди. 2010 йилда пластик “уйча”даги қисқичбақани биринчи бўлиб кўрган фотосуратчи Шон Миллер бу ҳодисадан “мутлақо ҳайратда қолган”ини айтган.

Бундан ташқари, пластик чиқиндилар турларнинг узоқ масофаларга кўчишига замин яратмоқда. Жониворлар узоқ вақт давомида ёғоч бўлакларидан океанларда сузиш учун табиий “сол” сифатида фойдаланган, бироқ улар жуда кам учрайди ва тез чирийди. Пластик эса, аксинча, мустаҳкам ва узоқ муддатли бўлиб, ҳайвонлар учун янада ишончли транспорт вазифасини ўтамоқда.

2011 йилги цунамидан кейин Японияда минглаб тонна пластик чиқиндилар океанга тушди, бу эса турларнинг АҚШ ғарбий қирғоқларига оммавий кўчишига олиб келди. Тадқиқотларга кўра, Япониядан 300 га яқин денгиз жониворлари АҚШга келган. Олимлар бу жараён табиий экотизимларни бузадиган инвазив турларни пайдо қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Пластик қирғоқбўйи турларга нафақат очиқ океанда яшаб қолиш, балки кўпайиш имкониятини ҳам яратмоқда. 2023 йилда мутахассислар Тинч океанининг шимолий қисмидаги чиқинди доғидан тўпланган намуналарнинг қарийб 70 фоизида очиқ денгизда яшашга мослаша оладиган турларни аниқлади.

Ҳайвонлар кўплаб пластик буюмлардан тирик қолиш воситаси сифатида ҳам фойдаланмоқда. Тадқиқотларга кўра, денгиз типратиканлари ва саккизоёқлар пластик чиқиндиларни ўз мақсадлари йўлида фаол ишлатишни бошлаган. Масалан, ғарбий Атлантикадаги денгиз типратиканлари яшириниш учун анъанавий тошлар ўрнига кўпинча пластик парчаларини танлайди. Аммо олимларнинг таъкидлашича, шаффоф пластик қуёш нурларидан куйиш хавфини ошириши мумкин.

Саккизоёқлар эса ўз инлари эшигини бекитиш ёки ҳатто ҳаракатланиш учун пластик материаллардан фойдаланади.

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу мисоллар пластикнинг табиий муҳит ва ҳайвонларга таъсирини фақат юзаки кўрсатиб бермоқда. Йилдан йилга пластик чиқиндилар миқдори ортиб бормоқда, бу ҳолат нафақат айрим турлар учун, балки бутун экотизим учун хавфни кучайтиради. Тадқиқот муаллифлари денгиз жониворлари ва уларнинг яшаш муҳитига таҳдид солаётган пластик чиқиндилар ҳажмини қисқартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Мавзуга оид