Ўзбекистон – World Boxing ташкилоти аъзосига айланди
Ўзбекистон бокс федерацияси Умар Кремлёв раҳбарлигидаги IBA’ни тарк этиб, World Boxing халқаро бокс ташкилоти аъзолигига қабул қилинди. Бу қарор IBA аъзоси бўлган миллий федерациялар вакилларига 2028 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш тақиқлангани билан боғлиқ.
Ўзбекистон бокс федерацияси Умар Кремлёв раҳбарлигидаги IBA’ни тарк этиб, World Boxing халқаро бокс ташкилоти аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар қилган.
World Boxing Ўзбекистондан ташқари, Қозоғистон, Гватемала ва Лаоснинг аъзолик аризасини қабул қилган ва шу тариқа, ташкилотга аъзо миллий федерациялар сони 55 тага етган.
3 ноябр куни АҚШнинг Колорадо штати Пуэбло шаҳрида жаҳон бокс федерациясининг йил якунларига бағишланган конгрессида Ўзбекистон ва яна уч мамлакат ташкилот аъзосига айлангани эълон қилинган.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон сингари етакчи бокс мамлакатлари World Boxing аъзосига айлангани улкан воқелик бўлиб, Осиёда ҳали 13 та аъзо мамлакатга эга янги ташкил этилган халқаро федерациянинг қитъадаги ўрнини сезиларли даражада оширди», - дейилади баёнотда.
Ташкилот хабарида Ўзбекистон сўнгги Париж Олимпиадаси бокс баҳсларида 5 та олдин медал билан жамоавий рейтингда биринчи ўринни эгаллагани эътироф этилган.
Ўзбекистон бокс федерацияси ушбу маълумотни ҳали расман тасдиқламади.
Эслатиб ўтамиз, Париж-2024 Олимпиадасидан олдин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) аъзо бўлган миллий федерациялар спортчиларига 2028 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишни тақиқлаганди.
«Бокс 2028 йилги Олимпиада ўйинларининг спорт дастурига киритилмаган. ХОҚ бокс бўйича бундай олимпия мусобақасини бошқа ўтказа олмаслигини маълум қилди. Буни бартараф қилиш учун Олимпиада бокси ишончли ва яхши бошқариладиган халқаро федерация томонидан ташкил қилиниши керак. Миллий федерацияси IBA аъзоси бўлган ҳар қандай боксчи 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди. МОҚ ишончли ҳамкор ташкилотисиз боксни Олимпия ўйинларида ташкил этмайди. Миллий федерациялар уларнинг боксчилари Олимпия медалига эга чиқишни истаса, унда ишончли, барча талабга жавоб бера оладиган, яхши бошқарувга эга халқаро федерация атрофида бирлашишсин», - деганди МОҚ президенти Томас Бах.
Маълумот учун, Париж-2024 бокс баҳсларида етакчи бўлган Ўзбекистон ва яна бир қатор мамлакатлар ушбу ташкилот аъзоси саналарди. ХОҚ қарори эса Ўзбекистон бокс федерациясини бу борадаги қийин танлов олдида қолдирди ва якунда ЎБФ World Boxing аъзоси бўлишни танлади.
Мавзуга оид
08:47 / 22.12.2024
Усик Фюрини яна енгди
21:57 / 18.12.2024
Фюри ва Усик бокс жангида илк марта сунъий интеллектга асосланган ҳакам бўлади
04:18 / 15.12.2024
Муроджон Аҳмадалиев нокаут билан ғалаба қозониб, камар соҳибига айланди
15:42 / 13.12.2024