Ўзбекистон | 21:35 / 06.11.2024
6147
6 дақиқада ўқилади

6 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Туркий давлатлар стратегик шериклиги тўғрисидаги шартнома таклифи, 40 фоизга етказиладиган «яшил» энергия манбалари, серёғин келган октябр ва яна Канадага фавқулодда қўнган 101-рейс — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Туркий давлатлар стратегик шериклиги тўғрисидаги шартнома таклифи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.

«Бугун Ташкилотимизнинг тарихий ҳужжати — Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқларимиз ўртасида кучайиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир.

Аминманки, биз шу асосда Туркий дунёни янада жипслаштириш, унинг мавқейини ошириш, ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларимизни чуқурлаштириш, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга эришамиз», — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори экани қайд этиб ўтилди.

«Биз Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф этамиз. Ўйлайманки, ушбу кенг қамровли ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши тузилмамиз фаолиятини янада юксак сиёсий поғонага кўтаради», — деди Ўзбекистон президенти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдо улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. 

«Савдо соҳасидаги салоҳиятимизни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи миллий таҳлил марказларимизнинг анжуманини ўтказиш айни муддао бўлар эди», деди Мирзиёев.

«Яшил» энергия манбалари 40 фоизга етказилади

Хитойнинг Шанҳай шаҳрида еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмасининг расмий очилиш маросими доирасида 5 ноябр куни халқаро иқтисодий форум ўтказилди

Форумда бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди. 

Арипов ўз чиқишида Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори ҳисобланиши, ўтган йилда товар айирбошлаш 14 млрд долларга етгани, яқин истиқболда унинг ҳажмини 20 млрд долларга етказиш учун барча имкониятлар ва энг муҳими биргаликда ривожланиш учун хоҳиш борлигини маълум қилди.

Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми охирги йилларда 5 баробар, қўшма корхоналар сони эса 3 баробар ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 53 млрд доллардан зиёдни ташкил этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 60 млрд доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 млрд доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилди. 2030 йилгача «яшил» энергия манбаларини 40 фоизга етказиш борасида иш олиб борилмоқда.

Электромобиллар учун қувватлаш станциялари

Кўп қаватли уйлар яқинида, шу жумладан, уларга яқин жойлашган тўхташ жойларида максимал қуввати 22 kW бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан бошлаб давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.

Ню Йоркка учган самолёт икки марта фавқулодда қўнди

Uzbekistan Аirways авиакомпаниясининг 5 октябр куни HY101 рейси билан Тошкентдан Ню-Йоркка учган самолёти икки бор фавқулодда қўнишни амалга оширди.

Дастлаб самолёт 57 ёшли россиялик йўловчи ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли Қозоғистон устидан Тошкент аэропортига қайтиб келган.

Иккинчи парвозда эса ҳомиладор йўловчи сабабли Канададаги Goose Bay (Канада) захира аэропортига қўнишга қарор қилди.

Қайд этилишича, Тошкент вақти билан соат 20:50 да самолёт Канададаги аэропортга қўнган, бортга тиббий ходимлар чиқиб, йўловчини госпитализация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Сўнгра учоқ Ню-Йорк томон ўз парвозини давом эттирган.

Серёғин октябр

Октябр ойи метеорологик кузатувнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди. Республикамизнинг катта қисмида ёмғир октябр ойида одатдагидан кўра тез-тез ёғди ва ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан 2-4 марта кўп бўлди.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Фарғона водийси ҳудудининг катта қисмида, Қизилқум чўлининг айрим жойларида ва Нурота тизмаси ҳудудида октябр ойида ёғган ёғингарчилик миқдори бўйича барча кузатув қаторлари учун энг ёғингарчилик кўп бўлган учликка кирди.

Октябр ойида одатда жуда кам ёмғир ёғадиган айрим қурғоқчил ҳудудларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 6-8 марта, Бухоро метеостанцияси ҳудудида эса 14 марта кўп бўлди. Ушбу ҳудудларда октябр ойи метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятининг қатор туманларида ва Қизилқум чўлининг ғарбий қисмидаги баъзи жойларда ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кузатилди.

Мавзуга оид