Жаҳон | 17:40 / 08.11.2024
1119
2 дақиқада ўқилади

“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN

Ер юзасидаги ҳар 3 дарахтдан бири йўқолиб кетиш хавфи остида қолган. Қизил рўйхатдаги 5000 дан ортиқ дарахт тури қурилишда, 2000 дан ортиқ тури эса дори-дармон, озиқ-овқат ва ёқилғи учун ишлатилиши маълум қилинган.

Фото: AFP

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) янгилаган Қизил рўйхатда дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида экани маълум қилинди.

Маълум бўлишича, IUCN баҳолаган 47 282 турдан камида 16 425 таси йўқолиб кетиш хавфи остида қолган. Харитадаги барча давлатлар ўрганилган ва 192 мамлакатда йўқолиш хавфи остидаги дарахтлар аниқланган. Баҳолашда 1000 дан ортиқ дарахтшунос мутахассис қатнашган. Хавф остида қолган дарахтлар сони барча хавф остидаги қушлар, сутэмизувчилар, судралувчилар ва амфибиялар сонидан икки баробар кўп. “Глобал баҳолаш натижалари ҳар учинчи дарахт туридан кўпроғи йўқолиб кетиш хавфи остида эканини кўрсатади. Дарахтлар экотизимлардаги ўрни туфайли Ердаги ҳаётни қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳим ҳисобланади, миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, яшаши дарахтларга боғлиқ”, – деган IUCN Бош директори доктор Гретел Агилар.

Ўрганишларга кўра, хавф остидаги дарахтларнинг энг катта қисми оролларда ўсади. Бунга сабаб қилиб шаҳарсозлик ва қишлоқ хўжалиги учун ўрмонларнинг кесилиши, шунингдек, зараркунандалар ва касалликлар кўрсатилган.

IUCN Қизил рўйхатдаги дарахтларнинг камайиши минглаб ўсимликлар, замбуруғлар ва ҳайвонлар учун катта хавф эканини кўрсатган. Дарахтлар углерод, сув ва озуқа моддаларининг айланиши, тупроқ таркиби ва иқлимни тартибга солгани учун ҳам Ердаги ҳаётни мувозанатда сақлаб туради. Аммо дарахтлар популяциясига бевосита инсон омили ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, IUCN Қизил рўйхатига киритилган 5000 дан ортиқ дарахт тури қурилишда ёғоч учун, 2000 дан ортиқ тури эса дори-дармонлар, озиқ-овқат ва ёқилғи учун ишлатилаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид