Жаҳон | 21:49 / 08.11.2024
16994
10 дақиқада ўқилади

Ишчилар синфи исёни ёки муваффақиятсиз кампания? Ҳаррис сайловда нега ютқазди?

Бир ойча олдин Камала Ҳаррис ABC телеканалига интервю берганди: бу у демократлар номзоди билан яқинроқ танишишни истаган америкаликларга ўзи ҳақида кўпроқ айтиб бериши керак бўлган дўстона суҳбат бўлиши кутилганди.

Аммо бу суҳбат биринчи навбатда у амалдаги президент Жо Байденнинг ўрнида қайси ишни бошқача қилган бўлиши ҳақидаги саволга берган жавоби билан ёдда қолди. «Хаёлимга ҳеч нарса келмаяпти», — деганди ўшанда Ҳаррис.

У бу ибора билан беихтиёрий равишда ўз сайловолди кампаниясида ҳеч қандай янги таклиф нарса қила олмаслигини айтгандек бўлди, республикачилар эса дарҳол бу сўзлардан демократларга қарши реклама сифатида фойдаланишди.

Вице-президент сифатида Ҳаррис ўз машҳурлигини йўқотаётган раҳбаридан узоқлашолмади ва сайловчиларни хавотирли иқтисодий вазият фонида ўзгаришлар таклиф қилиши мумкинлигига ишонтира олмади.

Чоршанба куни кечқурун у президентлик пойгасидаги мағлубиятини тан олди ва ўз тарафдорларини «умидсизликка тушмаслик»ка чақирди. Аммо унинг штабида бўлган мухбирларнинг айтишича, унинг сайлов натижалари ҳеч бўлмаганда нисбатан тенг бўлишини кутган ходимлари орасида умидсизлик ва ҳафсаласизлик ҳукм сурмоқда.

Ҳозирда Ҳаррис ва унинг жамоаси қаерда хатога йўл қўйгани ва нимани бошқача қилиши мумкин бўлганини таҳлил қилишлари керак.

«Мағлубият ҳаддан ташқари оғриқли. Бу оғир, — дея ёзди чоршанба куни Камала Ҳарриснинг сайловолди штаби раҳбари Жен О'Мэлли Диллон ходимларга йўлланган электрон мактубида. — Бунга кўникиш учун кўп вақт талаб этилади».

Нима хато бўлди ва Камала Ҳарриснинг мағлубиятининг асосий сабаблари нимада? BBC шу саволга жавоб излади.

Байденнинг юки

Байден муваффақиятсиз дебатлардан кейин пойгадан чиққач, Ҳаррис праймеризда иштирок этмаган ҳолда Демократик партиянинг президентликка номзодига айланди.

У ўзининг 100 кунлик кампаниясини америкаликлар учун «етакчиларнинг янги авлоди», аёлларга — аборт ҳуқуқи, ишчилар синфига — нархлар ўсишининг олдини олиш ҳамда арзон турар жойларни ваъда қилган ҳолда бошлади.

Ишчилар синфини демократлар сафига қайтариш унинг сайловолди кампаниясининг асосий мақсадларидан бири эди.

Сайлов кунигача бўлган уч ой давомида Ҳаррис ва унинг жамоаси кампанияга муваффақият учун замин яратишда зарур бўлган янги импулс бера олди. Ижтимоий тармоқларда республикачилар тўғрисида сон-саноқсиз мемлар пайдо бўлди, вице-президент номзодини Тейлор Свифт ва Бейонсе каби юлдузлар қўллади, партия рекорд миқдорда хайрия маблағлари йиғди.

Аммо бу электоратнинг катта қисмини қамраб олган Байденга қарши кайфиятни силкитиш учун етарли бўлиб чиқмади.

Амалдаги президент рейтинги унинг тўрт йиллик фаолияти давомида доимий равишда 40 фоиз атрофида бўлиб келган. Сўровлар америкаликларнинг учдан икки қисми АҚШ нотўғри йўлдан кетмоқда, деб ҳисоблашини кўрсатган.

Айрим демократлар ўзаро суҳбатларда Ҳаррис сайловолди кампанияси давомида Байденга ҳаддан ташқари содиқлик кўрсатаётганидан норози бўлиб, ундан узоқлашиши ва сайловчиларга янги нарсалар таклиф қилиши кераклигини айтишган.

Аммо ўтмишда Камала Ҳарриснинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи сифатида ишлаган Жамал Симмонснинг ҳисоблашича, шунчаки бу ҳолатда ютуқли вариантнинг ўзи йўқ эди. Унинг сўзларига кўра, агар Ҳаррис ўзи ва Байден ўртасида масофа сақлаганида, бу республикачилар демократларни ички низо авж олгани ва унинг сафидагилар умумий мақсадларга эга эмаслигини айтиб ҳужум қилиши учун яна бир кузир берган бўларди.

«Сизни тайинлаган президентдан узоқлаша олмайсиз», — деган у.

Ҳаррис моҳиятан тиғ устида юришга ҳаракат қилди: у ўз раҳбарини танқид қилмади ва унинг сиёсатидан масофа сақламади, шу билан бирга, ўз сайлов кампанияси давомида уларга ортиқча эътибор бермасликка ҳаракат қилди.

Натижада у мамлакатни ўзи бошқариши кераклиги ҳақида ишончли аргументлар тақдим эта олмади. Жамият у иқтисодий қийинчиликларни, шунингдек, миграция соҳасида ўсиб бораётган муаммоларни қандай ҳал қилмоқчи экани ҳақидаги режаларни эшитмади.

Чикаго университети томонидан 120 мингдан ортиқ сайловчи орасида ўтказилган сўровга кўра, ҳар ўн кишидан уч нафари ўз оиласининг молиявий аҳволи ёмонлашаётганини билдирган. Тўрт йил муқаддам ўндан икки киши турмуш даражаси пасайганидан шикоят қилганди.

Сўралганларнинг ҳар ўн нафаридан тўққизи эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсишидан хавотирда эканини айтган.

Худди шу сўровнома маълумотларига кўра, ўртача ўн сайловчидан тўрт нафари ноқонуний мигрантларни ўзи келган юртига депорт қилиш керак деб ҳисоблаган. 2020 йилда бундай фикрдагилар ҳар ўн кишидан уч нафарни ташкил этарди.

Ҳаррис ўз маъмурияти Байден маъмуриятининг давомчиси бўлмаслигини қайд этиб, кампаниясининг якуний қисмида вазиятни ўнглашга уринди, аммо барибир сайловчилар кўз ўнгида ўз сиёсатини аниқ ифода эта олмади.

...Байденнинг сайловчиларининг барчаси ҳам уни қўлламади

Ҳарриснинг кампанияси асосий эътиборни 2020 йилда Жо Байденнинг ғалабасини таъминлаган сайловчилар базасини ушлаб қолишга қаратди. Булар асосан қора танли америкаликлар, лотинамерикаликлар ҳамда ёшларнинг катта қисми эди.

Ҳаррис шунингдек Америка шаҳарлари чекка ҳудудларида яшовчи маълумотли кишиларни ўзига жалб қилишга уринди.

Аммо экзитполларга кўра, у бу вазифани ҳам уддалай олмаган. Ҳаррис лотинамерикаликларнинг 13 фоизининг қўлловини йўқотган, афроамерикаликлар орасидаги йўқотиш — 2 фоиз, 30 ёшдан ёшроқ сайловчилар орасидаги йўқотиш — 6 фоизни ташкил этган.

Вермонт штатидан мустақил сенатор, ўзининг сўл қарашлари билан танилган Берни Сандерс (у 2016 йилда Демократик партия праймеризида Ҳиллари Клинтон, 2020 йилги праймеризда Байденга ютқазган) ишчилар синфи партиядан юз ўгирганининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқлигини айтади.

«Аввалига бу оқ танли ишчилар синфи эди, энди эса лотинамерикалик ва қора танли ишчилар ҳам. Демократлар раҳбарияти статус-квони ҳимоя қилса-да, Америка халқи ғазабда ва ўзгаришларни хоҳлайди. Ва бу борада ҳақ», — деган у.

Кўпчилик аёллар Трампни эмас, Ҳаррисни қўллаган бўлса ҳам, гендер белгилар бўйича овоз беришдаги устунлик унинг штаби умид қилганидек эмасди.

У аввалги сайловларда республикачиларга овоз берган аёлларни ўз томонига оғдира олмади. Қолаверса, у ҳатто 2020 йилда Жо Байденга овоз берган аёллар электоратининг ҳам бир қисмини йўқотган. Ўшанда амалдаги президентни аёл сайловчиларнинг 57 фоизи қўллаганди, Ҳаррис эса фақат 54 фоиз аёлларнинг қўлловига эга бўлди.

Бу президентлик сайловлари АҚШ Олий суди аборт учун конституциявий ҳуқуқни бекор қилганидан кейинги биринчиси бўлди. Шунинг учун демократлар Ҳарриснинг бу масаладаги позицияси ва унинг ҳомиладорликни тўхтатиш ҳуқуқи учун кураши ҳал қилувчи ғалабага олиб келишидан умид қилганди.

Камала Ҳарриснинг кўплаб тарафдорлари журналистларга унга қарши овоз берганларнинг камида бир қисми қора танли аёлни қўллашга тайёр бўлмаганини айтишган, яъни амалда Трамп электоратини ирқчилик ва аёлларни ёқтирмасликда айблаган.

Демократлар тарафдори бўлган таниқли политтехнолог Дэвид Акселрод ҳам CNN учун интервюсида шу каби фикр билдирган.

«Келинг, ростгўй бўламиз. Ва тўғридан тўғри айтамиз: бу кампания давомида ирқчилик мавзулари янгради, мамлакатимизда ирқчилик хурофоти бор, мамлакатимизда сексизм бор», — деган Акселрод.

«Ва бу сайловлар натижасига ҳеч қандай таъсир қилмади деб ўйлаш хато бўлади», — дея қўшимча қилган у.

The Hill нашри Associated Press/NORC буюртмасига кўра сентябрда ўтказилган сўровларга ҳавола келтиради, унга кўра, сайловчиларнинг 38 фоизи Ҳарриснинг жинси унинг сайланиш учун имкониятларини пасайтиради деб ҳисоблаган ва фақат 13 фоизи унинг рақиби ҳақида шундай хулоса берган.

Трампга ҳужумлар тескари оқибатларга эга бўлди

Кутилмаганда президентликка номзод бўлишидан олдин, Ҳаррис сайловолди пойгасини Байденга эмас, балки Трампга муносабат бўйича референдум сифатида кўрсатишга уринди. Калифорния собиқ прокурори ҳуқуқ-тартибот органларидаги иш тажрибасидан Трампга қарши турли жиноятлар бўйича айбловлар қўйишда фаол фойдаланди.

Аммо ўз президентлик кампаниясини бошлагач, у Байденнинг Доналд Трамп демократия учун экзистенциал таҳдид туғдириши тўғрисидаги асосий йўналишидан воз кечишга қарор қилди.

У аввалига хушчақчақ бўлишга ҳаракат қилиб, асосий эътиборини шахсий эркинлик ва ўрта синфни қўллаш масалаларига қаратди. Аммо ўз кампаниясининг сўнгги босқичида барибир Трамп манзилига айбловларга қайтишга қарор қилиб, уни «фашист» деб атади ҳамда унинг Республикачилар партиясидаги мухолифларини митингга чақирди.

Трамп президентлигида бир муддат унинг маъмуриятига раҳбар бўлган Жон Келли New York Times газетаси билан суҳбатда Трамп Адолф Ҳитлер ҳақида ижобий фикрда бўлганини айтгач, Ҳаррис ўз расмий қароргоҳи олдида нутқ сўзлаб, собиқ президентни «руҳан носоғлом» деб атади.

«Асосий эътиборини Доналд Трампга ҳужум қилишга қаратганида Камала Ҳаррис бу сайловни ютқазиб бўлди. Трамп ҳақида сайловчилар барчасини билишади, лекин улар Ҳарриснинг бошқарувдаги биринчи соати, биринчи куни, биринчи ойи ва биринчи йили ҳақида кўпроқ нарса билишни истаганди», — деди сешанба куни тажрибали социолог-республикачи Фрэнк Лунц.

«Ўз ниятларидан кўра Трампга кўпроқ эътибор қаратиши — унинг сайловолди кампаниясидаги улкан муваффақиятсизлиги эди», — дея қўшимча қилган у.

Алалоқибат Ҳаррис Трамп устидан ғалаба қозониш учун керак бўлган кучларни ўз атрофида тўплай олмади.

Мамлакат демократларни очиқдан очиқ рад этишини кўрсатди, бу эса мазкур партияда президент обрўсизланишидан йирикроқ муаммолар борлигини англатади.

Мавзуга оид