Дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган смартфонлар номи маълум қилинди
Сотувлар рейтингида Apple биринчи ўринни эгаллади. Фойдаланувчилар энг кўп қайси моделларни танламоқда?
Apple компаниясининг iPhone 15 модели 2024 йилнинг учинчи чорагида дунё бўйлаб энг кўп сотилган смартфонга айланди. Ундан кейин iPhone 15 Pro Max ва iPhone 15 Pro турибди. Бу ҳақда Counterpoint Research компаниясининг Global Handset Model Sales Tracker маълумотларида келтирилди.
Samsung глобал миқёсдаги энг кўп сотилган смартфонлар топ 10 талигидаги рўйхатда бешта ўринни эгаллаб, юқори мавқейини сақлаб қолди. Ундан кейинги ўринда Apple — ушбу бренднинг телефонлари ўнта ўриннинг тўрттасини эгаллади. Рўйхатнинг охирроғида Xiaomi ҳам битта ўринни банд этди. Ушбу рейтингдаги тақсимот 2023 йилдан буён ўзгаришсиз қолаётгани истеъмолчилар доимий афзал кўрадиган моделларни кўрсатмоқда.
Мижозларнинг юқори сифатли смартфонларга бўлган қизиқиши ортиб бориши билан iPhone’нинг асосий версияси ва Pro моделлари ўртасидаги сотув фарқи аста-секин қисқармоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, учинчи чоракда илк бор iPhone умумий сотувининг ярми айнан Pro версиялари ҳисобига тўғри келди. Ушбу ўзгариш Apple’га қимматроқ қурилмаларни сотишни рағбатлантиришга ёрдам беради, дейди экспертлар.
Ривожланаётган бозорларда истеъмолчилар iPhone’нинг сўнгги моделларини танлаяпти. Бу ўз навбатида, Apple’нинг савдо ҳажмини оширмоқда. Ушбу тенденция молиялаштириш схемалари ва айирбошлаш таклифлари билан янада қўллаб-қувватланмоқда, булар даромади пастроқ бўлган одамлар учун ҳам iPhone’нинг энг янги моделларини сотиб олиш имконини беради.
Samsung Galaxy S24 2024 йилнинг учинчи чорагида кетма-кет учинчи марта топ ўнталикдаги ўрнини сақлаб қолди. Бундан ташқари, 2018 йилдан бери биринчи марта Galaxy S серияси юқори ўнталикка кирди. Galaxy S24 сериясининг сотувлари асосан GenAI имкониятларига қаратилган кучли маркетинг туфайли ошди.
Samsung Galaxy А серияси турли минтақаларда кенг тарқалгани ва бошланғич ҳамда ўрта нарх сегментидаги йирикроқ мижозлар гуруҳларига йўналтирилгани туфайли рейтингда тўртта ўринни эгаллади. Samsung бу қурилмаларга рақобатбардош нархлар белгилаб, улардаги дастурий таъминот “умрини узайтирмоқда”.
Xiaomi’нинг Redmi 13C модели, ўтган йилги Redmi 12C ўрнини эгаллаган ҳолда, арзонлиги ва ривожланаётган бозорлардаги ўрни туфайли кетма-кет иккинчи чорак давомида рўйхатдаги ўрнини сақлаб қолди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу смартфон ўз сегментида нархи жиҳатдан ажралиб туради ва энг яхши функцияларни таклиф этади.
Apple ва Samsung премиум сегментидаги ўринларини Apple Intelligence ва Galaxy AI сунъий интеллекти ёрдамида мустаҳкамлашни давом эттирмоқда. Бу уларга кейинги рейтингларда етакчиликни сақлаб қолишга ёрдам беради.
Мавзуга оид
00:31 / 18.12.2024
Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади
18:44 / 17.12.2024
iPhone ва Samsung фойдаланувчиларининг аксарияти сунъий интеллектни фойдали деб ҳисобламайди
20:50 / 16.12.2024
Apple юпқа iPhone ва буклама қурилмаларни чиқаради – ОАВ
19:56 / 13.12.2024