The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
Киев Буюк Британия бош вазири Кир Стармер лавозимга киришганига тўрт ойдан ошганига қарамай, ҳозирга қадар Украинага ташриф буюрмаганидан ранжимоқда.
Ўтган ёзда Буюк Британияда Лейбористлар партияси ҳокимият тепасига келганидан кейин Киев ва Лондон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Бу ҳақда юқори мартабали украиналик амалдорлар The Guardian’га берган интервюсида маълум қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, Киев Буюк Британия бош вазири Кир Стармер лавозимга киришганига тўрт ойдан ошганига қарамай, ҳозирга қадар Украинага ташриф буюрмаганидан ранжиган. Шу билан бирга, Украина Стармер Storm Shadow ракеталари захирасини тўлдиришга ваъда бермаса, унинг эҳтимолий ташрифидан маъно кўрмаяпти.
«Унинг турист сифатида келганидан маъно йўқ. Биз августдан бери Стармернинг эҳтимолий ташрифини муҳокама қилдик. Турли саналар таклиф қилинди, аммо уларнинг бирортаси амалга ошмади. У ташрифни бир неча бор қолдирди», — дейди Украина президенти администрациясидаги юқори мартабали амалдорлардан бири.
Киев Россия армияси шарқий фронтда жадаллик билан олға силжиши фонида Буюк Британиядан ҳарбий ёрдам келмаётганидан норози. Украиналик командирларнинг маълум қилишича, улар жанг майдонида душманга имкониятни бой бермоқда. Украинанинг Буюк Британияга асосий эътирози шундан иборатки, мамлакат ўз захираларидан қўшимча ракеталар етказиб бермаяпти.
Вазиятдан хабардор яна бир украиналик манбага кўра, Франция ва Буюк Британиядан етказиб берилаётган узоқ масофага мўлжалланган ракеталар сони 2023 йилга қараганда камайган. Украиналик ҳарбийларнинг таъкидлашича, Storm Shadow ёрдамида охирги марта 5 октябр куни Россия қўмондонлик пунктига зарба берилган.
Стармер ва Зеленский охирги марта ноябр бошида Будапештдаги саммитда учрашган эди. Британия бош вазири Лондоннинг қўллаб-қувватлови «ўзгармас» эканини маълум қилганди. Украиналик амалдорларнинг қайд этишича, Зеленский ва Стармернинг Венгриядаги учрашуви ракеталар етказиб бериш масаласида «ҳеч қандай олға силжишга» олиб келмаган.
Буюк Британия АҚШ ва Германиядан кейин Украинага энг кўп ёрдам кўрсатаётган давлат ҳисобланади. Британия 2022 йилдан бери 12,8 миллиард фунтлик ёрдам ваъда қилган бўлса, уларнинг 5 миллиарди — молиялаштириш ва гуманитар ёрдамлар учун, қолган 7,8 миллиард фунт — ҳарбий ёрдамдир.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
00:10