Жаҳон | 23:51 / 12.11.2024
4621
2 дақиқада ўқилади

Беларуслик сиёсий маҳбус Мария Колесникова 1,5 йил деганда отаси билан учрашди

Колесникова қамалганидан мазкур учрашувга қадар отаси уни фақат бир маротаба кўришга муваффақ бўлган — 2022 йил охирида қамоқхона касалхонасида.

Фото: Telegram/sprava_by

Беларуслик сиёсий маҳбус Мария Колесникова отаси билан учрашди — 2023 йил февралдан бери у билан алоқа йўқ эди. Учрашув суратини Telegramʼдаги Nexta каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич эълон қилди.

Суратда Колесникова отасини қучоқлаб, табассум қилаётганини кўриш мумкин.

Протасевичнинг постидан келиб чиқадики, учрашув 12 ноябр куни бўлиб ўтган. Бошқа тафсилотлар, жумладан, учрашув қаерда бўлиб ўтганига ойдинлик киритилмаган.

«Наша Нива» нашрининг маълум қилишича, Колескинованинг отаси билан учрашуви қамоқхона касалхонасида бўлиб ўтган. Бу ҳақда журналистларга собиқ сиёсий маҳбуслар хабар берган — улар сурат орқали ушбу жойни таниган.

Колесникова қамалганидан мазкур учрашувга қадар отаси уни фақат бир маротаба кўришга муваффақ бўлган — 2022 йил охирида қамоқхона касалхонасида. Охирги маротаба Колесниковалар оиласи унинг номидан 2023 йил февралда мактуб олган. Шундан кейин сиёсий маҳбус ҳақида у билан битта колонияда бўлган ва озодликка чиққанлар орқали бохабар бўлиб турилган.

Мария Колесникова 2020 йилги Беларус президентлиги сайловларида мухолифатнинг энг ёрқин вакилларидан бири эди. У ўша йилнинг сентябрида қўлга олинган. Бундан олдин Колесниковани Беларусдан куч билан олиб чиқишга уринишган эди, аммо аёл чегарада ўз паспортини йиртиб ташлаган. Куд Колесниковани «ҳокимиятни эгаллаш»га уриниш ишида айбдор деб топиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этган.

Октябр ойида Беларус раҳбари Александр Лукашенко сиёсий маҳбуслар, жумладан, Мария Колесникованинг афв этиш ҳақидаги илтимосларини кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилганди. «Бизда қонун бор: киши ўз айбини англаб, (кўплаб бошқа мамлакатларда бўлгани каби) кечирим сўраб, президентга мурожаат қилса, буни кўриб чиқамиз. Колесникова билан ҳам шундай», — деган эди Лукашенко.

Мавзуга оид