Жамият | 17:02 / 12.11.2024
10891
2 дақиқада ўқилади

Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди

Олхўри боғи ёнидаги ички дала йўлида ҳайдовчи бошқариб кетаётган автогрейдернинг том қисми юқори кучланишдаги электр симларига тегиб кетган. Бунинг оқибатида ёнғин келиб чиққан ҳамда 15 984 туп олхўри дарахти ва томчилатиб суғориш тизими нобуд бўлган. Етказилган зарар 2,8 млрд сўмга баҳоланган.

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятининг Пискент туманида 24 гектарлик интенсив боғ ёниб кетди. Боғда 16 минг тупга яқин олхўри дарахти бўлган. Ёнғин автогрейдер машинисти эҳтиётсизлиги оқибатида келиб чиққан. У жиноий жазога тортилди.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, ҳодиса 30 май куни содир бўлган. 1991 йилда туғилган Б.А. ҳудуддаги МЧЖлардан бирига тегишли олхўри боғи ёнидаги ички дала йўлида автогрейдерни бошқариб бораётганда транспортнинг том қисми йўл устидан ўтган юқори кучланишдаги электр симларига тегиб кетган. Оқибатда чақнаш содир бўлиб, ёнғин юзага келган.

Ёнғинда интенсив боғдаги 15 984 туп олхўри дарахти ва томчилатиб суғориш тизими нобуд бўлган. Б.А. томонидан жамиятга 2 млрд 808 млн сўм моддий зарар етказилган.

Б.А. судда айбига иқрорлик билдириб, хусусий корхонада ҳайдовчи бўлиб ишлашини, ҳодиса иш вақтида содир бўлганини маълум қилган.

Жабрланувчи эса 2024 йил баҳорда боғга нархи 28 800 доллар бўлган томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганини, дарахтлар тўлиқ ҳосилга кирган йили ўртача 200 000 доллар даромад келтирганини, ҳосилни экспорт қилиши ва ички бозорга етказиб беришини билдирган. Шунингдек, у етказилган зарарни Б.А. ишлаган хусусий корхонадан ундириб беришни сўраган.

Суд ҳукми билан Б.А. Жиноят кодексининг 198-моддаси 1-қисмида (оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Етказилган 2 млрд 808 млн сўм маблағни у ишлаган хусусий корхонадан ундириш белгиланган.

Мавзуга оид