Apple iPhone нархидаги китобини чиқарди
Смартфондан фарқли ўлароқ, бу китоб энг кўп сотиладиган маҳсулотга айланмайди, боиси ундан бор-йўғи 1500 нусха чоп этилади.
2024 йилнинг ёзида Apple Music “Тарихдаги 100 та энг яхши албом” ташаббусини тақдим этганди, у ҳалигача стриминг хизматида бор. Энди компания энг буюк мусиқий тўпламлар рўйхатини китоб шаклида тўплади — у атиги 1500 нусхада чоп этилади. Китоб нафис ярим шаффоф муқова, зарҳал ҳошияли саҳифалар ва, албатта, қўлда битилган тартиб рақамига эга.
Муаллифларнинг сўзларига кўра, тўплам 65 йиллик мусиқа ва кўплаб жанрларни қамраб олади: кантри ва попдан тортиб рок, хип-хоп ва электроникагача. Унинг таркибига Билли Айлиш ва Metallica, Тревис Скотт ва Talking Heads каби услуб жиҳатидан бутунлай фарқ қилувчи ижрочилар киритилган. Аммо китоб фақат мусиқа ишқибозлари учун яратилгани ва ҳеч қандай рейтингларга даъво қилмаслиги таъкидланди.
“Агар рўйхат Apple Music’дан ташқаридаги мухлислар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлса ва одамларни севган мусиқалари ҳақида қизғин суҳбатлашишга ундаса, демак, олдимизга қўйган вазифани бажарган бўламиз. Биз чинакам буюк альбомлар шунчаки қўшиқлар тўпламидан кўра кўпроқ нарса эканини англадик. Улар бир бўлагингизга, ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айланади. Бу синган юрак, алам, жароҳат, қувонч, инқилоб ва ечимдир”, —деди Apple Music компаниясининг глобал ижодий раҳбари ва санъаткорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Зайн Лоу.
Ҳозирда китоб учун дастлабки буюртмалар қабул қилинмоқда, расмий етказиб бериш 2024 йил 25 ноябрдан бошланади. Китоб жами 208 саҳифа ва 97 та картинани ўз ичига олган, унинг нархи 450 доллар туради.
Мавзуга оид
00:31 / 18.12.2024
Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади
20:50 / 16.12.2024
Apple юпқа iPhone ва буклама қурилмаларни чиқаради – ОАВ
19:56 / 13.12.2024
Apple баъзи iPhone моделларини сотишни тўхтатади
18:13 / 12.12.2024