Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
Донецкдан 30 км ғарбда жойлашган Курахово шаҳри ҳудудида украин қўшини учун таҳдидли вазият юзага келган. Россия армияси қисмлари аллақачон шаҳарнинг ўзида кўча жангларини бошлаган ва шу билан бир вақтда уни Волчя дарёсининг икки соҳили бўйлаб айланиб ўтмоқда.
«Рақибнинг 20-мотоўқчилар дивизияси илғор бўлинмалари Курахово жанубидаги Далнее қишлоғига бостириб кирди. Катта эҳтимол билан, Курахово мудофааси якуний босқичга кирмоқда», — дея ёзган украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовец.
Унинг баҳолашича, энг хавфли ҳолатга украинларнинг Кураховодан жанубдаги ҳудудни ҳимоя қилаётган бўлинмалари тушиб қолган. «Агар Елизаветовка ва Екатериновкада ҳимояланаётган бўлинмаларимиз яқин вақтлар ичида камида Успеновкага чекинмаса, қуршовда қолишади», — деб ҳисоблайди эксперт.
Аммо Украина қуролли кучларининг муаммолари шу билан тугамайди. Россия қўшини Кураховодан 15 км ғарбда, Н15 Запорижжя — Донецк трассаси бўйида жойлашган Константинопол қишлоғига ҳам жанубдан ва шимоли-шарқдан фаоллик билан ҳужум қилмоқда. Икки йўналишдаги зарбалар туташуви украин қўшинига анча чуқур қуршовда қолиш хавфини туғдиради.
Шу билан бирга, ҳудуднинг табиий шароити мудофаа учун қулай эмас — украин қисмлари Волчя дарёси водийсида қисилиб қолган, россияликларнинг ўт очиш позициялари эса асосан тепаликларда жойлашган.
Биринчи марта эмас
2024 йил февралида Авдийивка бой берилиб, шундан кейин рус қўшинлари Донбассда фронтнинг кенг участкаси бўйлаб илгарилаши давомида украин қисмлари бир неча марта қуршов хавфи остида қолишди.
Бир неча ҳолатда қанотлари Россия армияси томонидан емириб келинган бўлинмаларнинг тақдири қил устида қолди. Авдийивкада ҳам, Невелский бўртиғида ҳам, Вуҳледарда ҳам ва бошқа жойларда ҳам шундай бўлди.
Ҳар сафар Россиянинг ҳужум қилаётган қисмлари оператив-тактик ютуқни ривожлантириш учун йирик механизациялашган захираларга эга бўлмагани Украина қуролли кучларига қўл келди. Соддароқ қилиб айтганда, қуршов хавфи юзага келтирилди, аммо уни амалга оширишнинг имкони бўлмади.
Курахово бўртиғи билан боғлиқ вазиятда украин кучларининг ҳолатини бир неча омиллар оғирлаштиради — яхши йўллар йўқ (биргина йўл ҳам ўққа тутилмоқда), манёврлар қилиш эркинлиги чекланган, энг ёқимсизи — Россия анча кенг фронт бўйлаб ва кўп сонли йўналишларда юриш қилмоқда, уларнинг исталган биридаги муваффақиятлар жамланмаси мудофааланаётган кучларни асосий кучлардан узиб қўйиши мумкин.
«Россия қўшини Курахово ҳудудида, шунингдек, шаҳардан шимоли-ғарбда Новодмитривка, Сонцовка ва Заря ҳудудларида; Кураховодан шимолда Новоселидовка, Вознесенка ва Креминна Балка ҳудудида; Кураховодан шарқда Максимиляновкада; Кураховодан жанубда Далнееда; Вуҳледардан шимоли-шарқда Илинка, Антоновка ва Катериновкада; Вуҳледардан шимоли-ғарбда Трудовое ҳудудида ҳужумлар қилмоқда», — дейилади Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) баёнотида.
Украина армияси ноқулай релеф, рақибнинг сон жиҳатдан устунлиги ва ўз кучларининг ишончсизлиги (қўшиннинг камида ярмини яхши тайёргарликка эга бўлмаган ҳудудий мудофаа кучлари ташкил этади) шароитида доимий таҳдидларни қайтариб туришга мажбур.
Украинларнинг илғор қисмлари турган Елизаветовкадан улар учун нисбатан хавфсизроқ бўлган Константинополгача масофа — тўғридан тўғри, йўлсиз далалар бўйлаб 20 километрдан ортиқ чиқади. Шахсий таркибдан ташқари олиб кетиш лозим бўлган оғир техника ва қуроллар ҳам бор.
Душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский билан йиғилишдан кейин «энг мураккаб йўналишлар» — Курахово ва Покровск мудофаани кучайтириш бўйича қарор қабул қилинганини айтди. У бу айнан қандай қилинишига аниқлик киритмаган, аммо одатда бундай маълумотлар ошкор этилмайди.
Тўғонни ким портлатди?
Худди шу куни Курахово сув омбори тўғони портлатилгани ҳақида хабар пайдо бўлди, айни вақтда бу ҳудуд ҳамон украин қўшинининг орт ҳудуди бўлиб турибди. Буни ким қилгани — ҳозирча номаълум.
Украина ҳукумати тўғонни Кураховодаги гарнизон ҳамда дарё бўйидаги украин қўшинларига таъминот етказиб турилган йўлларни сув остида қолдириш учун россиялик ҳарбийлар яксон қилган деб ҳисобламоқда. Курахово шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Падун Россия авиацияси 2024 йил августидан буён тўғон бўйлаб бошқарилувчи авиабомбалар ёрдамида зарбалар йўллаб келганини маълум қилган.
Россиядаги телеграм-каналлар тўғонни Украина қуролли кучлари Россия армияси ҳаракатини секинлаштириш учун портлатганини айтмоқда.
Икки версия ҳам ҳақиқат бўлиб кўринади. Агар Волчя дарёси соҳилларидан тошиб чиқса, украин қисмлари сўнгги ишончли таъминот йўналиши ҳамда чекиниш учун сўнгги йўлдан маҳрум бўлиши мумкин. Аммо кенг кўламли ва давомли тошқин рўй бермади — Донецк области маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг сўзларига кўра, дарёда сув сатҳи 1,2 метрга кўтарилган, бу эса жиддий эмас.
Бошқа томондан, Волчя дарёсида сув кўтарилиши украин армиясига ундан табиий сув тўсиғи сифатида фойдаланиш учун кўпроқ имконият беради. Кураховодан дарё ғарб томон оқади ва дарё бўйлаб мудофаанинг жанубий қанотини ўрнатиш режаси мантиқли бўлиб кўринади.
Шу билан бирга, бу Украина қуролли кучлари мудофаа чизиғини жануброқда, Велика Новосёлка ҳудудида ушлаб тура олишига ишонмаётгани ва мазкур истеҳком бой берилган тақдирда Б режага тайёрланаётганини англатиши мумкин.
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024