Фан-техника | 12:58 / 13.11.2024
9678
9 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар

Бугун ҳаётимизни мобил телефонларсиз тасаввур қила олмаймиз. 2005-2007 йилларда ҳаммада ҳам мобил телефонлар йўқ эди. Бугун эса айримлар иккита, кимдир эса учталаб телефон кўтариб юрибди. Бу орада тугмали телефонлар смартфонларга алмашди.

20-асрнинг иккинчи ярмида ва 21-аср бошларида фан техника юксак ривожланиш босқичида бўлди. Айниқса мобил телефонларнинг кашф этилиши ва оммалашиши фан мўъжизаларидан бири бўлди.

Мобил телефонлар тарихини 2007-2010 йилларгача ва ундан кейинга бўлиш мумкин. 2010 йилларгача дунёнинг турли бурчакларида аксарият одамлар оддий телефон ишлатган. Тугмалар билан ишловчи бундай телефонларнинг имкониятлари чекланган эди.

2007 йилдан бошлаб смартфонлар савдоси авж олди. 2010 йилдан кейин улар оммалаша бошлади. Шу тариқа, бир пайтлар одамлар фойдаланган тугмали оддий телефонлардан ҳеч ким фойдаланмай қўйди. Қуйида мобил қурилмалар тарихида энг кўп сотилган телефонлар ўнталиги билан танишамиз.

1. Nokia 1100 – 250 млн дона

Nokia 1100 телефони илк бор 2002 йилда Финландиянинг Nokia компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Унинг дизайни Nokia Design Center томонидан Калифорнияда тайёрланган. Дизайн муаллифи болгариялик Дмитрий Механжиеский ҳисобланади.

Мазкур телефон бозорга 2003 йил охирроқларида чиқарилган ва тезда оммабоп телефонга айланган. Бу телефонни айниқса хитойликлар кўп сотиб олган.

Nokia 1100 телефони жуда тез оммалашади ва беш йилда ундан жами 250 млн дона (!) сотилади. Бу ҳафтасига ўртача бир миллион донага тўғри келади.

Телефон жуда ихчам бўлган ва унинг оғирлиги бор-йўғи 93 граммни ташкил этган. Nokia 1100 телефони 2009 йилгача ишлаб чиқарилган.

2. Nokia 1110 – 248 млн дона

Nokia 1110 телефони илк бор 2005 йилда ишлаб чиқарилган. У ўзидан аввал чиқарилган Nokia 1100 телефонига жуда ўхшаш бўлган.

Телефоннинг бўйи 104, эни 44, қалинлиги 17 миллиметр, оғирлиги 80 грамм бўлган. Корпуси пластикдан тайёрланган.

Бу телефон ҳам асосан ривожланаётган мамлакатларда кўп сотилган. Уни ҳам энг кўп хитойликлар сотиб олган. Телефонда максимум 200 та контактни сақлаш мумкин бўлган.

Nokia 1100 телефони 2007 йилгача ишлаб чиқарилган. Сўнг унинг ўрнига Nokia 1200 телефони сотувга чиқарилган. Бу телефондан жами 248 млн дона сотилган.

3. iPhone 6 ва iPhone 6 Plus – 222 млн дона

iPhone 6 ва iPhone 6 Plus Американинг Apple корпорацияси маҳсулоти ҳисобланади. Улар илк бор сотувга 2014 йилда чиқарилган.

Ўша йили 9 сентябрда қурилмаларнинг тақдимоти ўтказилади, 12 сентябрдан буюртма қабул қилиш бошланади.

Дастлабки суткада 4 миллион дона телефонга буюртма тушади. Бу корпорация тарихида рекорд ҳисобланади. Ундан аввал ҳам, кейин ҳам корпорациянинг бошқа биронта мобил қурилмасига бир суткада бунча буюртма тушмаган.

Орадан бирмунча вақт ўтгач корпорация яна бир рекорд ҳақида хабар тарқатади. Унга кўра, дастлабки 10 кунда iPhone 6 ва iPhone 6 Plus телефонларидан 10 млн донадан ошиқ буюртма тушган.

iPhone 6 ва iPhone 6 Plus телефонларини ишлаб чиқариш 2016 йил 7 сентябрда iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ишлаб чиқарилиши муносабати билан тўхтатилади. Ўшангача улардан 222 млн дона сотилади.

iPhone 6 телефони бўйи 138, эни 67, қалинлиги 6,9 миллиметр бўлган. iPhone 6 Plus эса бўйи 158, эни 77,8, қалинлиги 7,1 миллиметр бўлган. iPhone 6 оғирлиги 129, iPhone 6 Plus эса 172 грамм бўлган.

4. Nokia 105 – 200 млн дона

2010 йилларга келиб Apple iOS ва Sumsung андроид тизимида ишловчи смартфонлари билан мобил қурилмалар бозорининг анча қисмини эгаллайди.

Ҳали ҳам тугмали телефонлар ишлаб чиқаришда давом этаётган Nokia компаниясининг иши орқага кета бошлайди. Бироқ ана шундай шароитда ҳам Nokia телефонларига талаб бор эди.

Шу сабабли 2013 йилда ишлаб чиқарилган оддий, тугмали Nokia 105 телефони шу пайтгача 200 млн дона сотилади.

Nokia 105 телефони ҳозиргача ишлаб чиқарилади ва 2015, 2017, 2019 йилларда у уч марта янгиланади.

Бу телефоннинг узунлиги 106, эни 45, қалинлиги 13 миллиметр бўлган. Оғирлиги атиги 67 граммни ташкил этган.

5. iPhone 6S ва 6S Plus – 174 млн дона

iPhone 6S ва 6S Plus телефонларининг тақдимот маросими 2015 йил 27 август куни ўтказилган. Ўша йили 12 сентябрдан уларга буюртмалар қабул қилина бошланган. 25 сентябрдан сотувга чиқарилган.

iPhone 6S телефонининг бўйи 138,3, эни 67,1, қалинлиги 7,1 миллиметр бўлган. Қурилманинг оғирлиги 143 граммни ташкил этган.

6S Plus’нинг бўйи 158,1, эни 77,8, қалинлиги 7,3 миллиметр, оғирлиги 192 грамм бўлган.

2018 йил 12 сентябрда ҳар икки телефонни ишлаб чиқариш тўхтатилган. Унгача улардан жами 174 млн дона сотилган.

6. iPhone 5S – 165 млн дона

iPhone 5S телефони тақдимоти 2013 йил 10 сентябр куни iPhone 5 билан бирга ўтказилган. 20 сентябрдан сотув бошланган.

Бу телефоннинг нархи хотира ҳажмига қараб АҚШда 649-849 доллар, Европада 699-899 евро бўлган. Россияда 1 000 доллар атрофида сотилган.

Бу телефоннинг бўйи 123,8, эни 58,6, қалинлиги 7,6 миллиметр, оғирлиги 112 граммни ташкил этган.

2016 йил 23 март куни iPhone 5S ни ишлаб чиқариш тўхтатилган. Унгача бу телефондан 165 млн дона сотилган.

7. Nokia 3210 – 161 млн дона

Энг кўп сотилган телефонлар рўйхатида энг ёши кексаси Nokia 3210 қурилмаси ҳисобланади. Бу телефон илк бор 1999 йилда ишлаб чиқарилган.

Унинг бўйи 123,8, эни 50,5, қалинлиги эса 16,7 дан 22,5 миллиметргача бўлган. Оғирлиги эса 151-153 граммни ташкил этган.

Телефоннинг хотирасига фақат 250 та контактни сақлаш мумкин бўлган. Ундан жами 160 млн дона сотилган.

8. iPhone 7 ва iPhone 7 Plus – 160 млн дона

Бу телефонларнинг тақдимоти 2016 йил 7 сентябр куни ўтказилган. Сотувлар 16 сентябрдан бошланган.

iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ўзидан аввалги телефонларга қараганда сал йирикроқ ва юпқароқ қилиб тайёрланган.

Агар телефоннинг корпуси орқа томонидаги тишланган олма тасвири кўринмаганда уни Samsung Galaxy телефонларига ўхшатиш мумкин эди.

iPhone 7 телефонининг бўйи 138,3, эни 67,1 ва қалинлиги 7,1 миллиметр, оғирлиги 138 грамм бўлган. iPhone 7 Plus эса бўйи 158,2, эни 77,9 ва қалинлиги 7,3 миллиметр, оғирлиги 188 граммни ташкил этган.

2019 йилда iPhone 7 ва iPhone 7 Plus телефонларини ишлаб чиқариш тўхтатилган. Унгача улардан 160 млн дона ишлаб чиқарилган.

9. iPhone 11, iPhone 11 Pro ва iPhone 11 Pro Max – 159 млн дона

iPhone 11 туркумидаги телефонларнинг тақдимоти 2019 йил 10 сентябр куни ўтказилган. 18 сентябрдан бошлаб буюртмалар қабул қилина бошланган. 20 сентябрдан сотув бошланган.

iPhone 11 нинг бўйи 150,9, эни 75,7, қалинлиги 8,3 миллиметр, оғирлиги 194 грамм бўлган. iPhone 11 Pro’нинг бўйи 144, эни 71,4, қалинлиги 8,1 миллиметр, оғирлиги 188 граммни ташкил этган.

iPhone 11 Pro Max телефонининг бўйи 158, эни 77,8, қалинлиги 8,1 миллиметр, оғирлиги 226 грамм бўлган.

iPhone 11 Pro ва iPhone 11 Pro Max 2020 йил 13 октябрда, iPhone 11 телефони эса 2022 йил 7 сентябрда ишлаб чиқаришдан олинган. Унгача бу телефонлардан жами 159 млн дона сотилган.

10. iPhone XR, iPhone XS ва iPhone XS Max – 151 млн дона

iPhone XR, iPhone XS ва iPhone XS Max телефонларининг тақдимоти 2018 йил 12 сентябр куни ўтказилади. Бу телефонлар 2017 йилда ишлаб чиқарилган iPhone X телефонининг давоми бўлган.

iPhone XR телефонининг бўйи 150,9, эни 75,7 ва қалинлиги 8,3 миллиметр, оғирлиги 194 грамм бўлган.

iPhone XS телефонининг бўйи 143,6, эни 70,9 ва қалинлиги 7,7 миллиметр, оғирлиги 177 граммни ташкил этган.

iPhone XS Max телефонининг бўйи 157,5, эни 77,4 ва қалинлиги 7,7 миллиметр, оғирлиги 208 грамм бўлган.

2020 йилда iPhone XR телефонидан 77,4 млн дона сотилади ва у мобил қурилмалар тарихида энг кўп сотилган телефонлар ўнталигига киради. Бу телефон 2021 йил 14 сентябрда ишлаб чиқаришдан олиб ташланган.

iPhone XS ва iPhone XS Max телефонлари эса сотувга чиқарилганидан бир йил ўтиб, 2019 йил 10 сентябрда ишлаб чиқаришдан олинган.

Нокиа 6600 телефони

Юқоридагилардан ташқари яна қуйидаги телефонлар энг кўп сотилган телефонлар сирасига киради:

·      iPhone 12, iPhone 12 mini, iPhone 12 Pro, iPhone 12 Pro Max;

·      iPhone 13, iPhone 13 mini, iPhone 13 Pro, iPhone 13 Pro Max;

·      Nokia 6600 (150 млн дона сотилган);

·      Nokia 1200 (150 млн дона сотилган);

·      Nokia 5230 (150 млн дона сотилган);

·      Samsung Е1100 (150 млн дона сотилган)

·      Nokia 2600 (135 млн дона сотилган);

·      Motorola        RAZR V3 (130 млн дона сотилган);

  • Nokia 1600 (130 млн дона сотилган).

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид