Жамият | 18:38 / 13.11.2024
25511
7 дақиқада ўқилади

“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози

Kun.uz'га мурожаат қилган ота-оналар болаларни президент мактабига тайёрловчи бу марказда тажрибасиз ўқитувчилар ишлаётгани, дарс жадвалига амал қилинмаслиги, бинодаги шароитлар абгорлигини айтди. Улар тўлаган пуллари қайтарилмаётганидан норози.

Фото: Getty Images 

Тошкентда болаларни президент ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрловчи ўқув марказидан норози бир қанча ота-оналар Kun.uz'га мурожаат қилди.

2021 йилдан бери ишлаб келаётган бу марказ аввалига юқори сифатли таълим ва шароитларни ваъда қилиб, тўловларни ундиргач, мижозларни алдаб келаётгани, пулларни эса қайтармаётгани айтилмоқда.

“Ўғлимни Мирзо Улуғбек номидаги мактабга тайёрламоқчи эдим. Ўзим Instagram'дан қидирсам, шу ўқув марказининг профили чиқди. Кейин гаплашдим, улар фарзандимни тестга чақирди. Яккасаройдаги бош офисида тестдан ўтдик. Ўша ерда сотув менежери “чиройли” қилиб тушунтирди: “Даражасига қараб оламиз, характерига қараб ўқитамиз, рус ва ўзбек тилида гаплашадиган болалар алоҳида ўқийди, ўқитувчиларимиз инновацион методдан фойдаланишади”, деб роса қулоққа тепишди, менам ишонибман шуларга.

Uzum nasiya орқали бўлиб-бўлиб тўлашга расмийлаштириб, шу билан боламни дарсга берадиган бўлдим. Битта дарсига бориб, шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим. Гапирган гапига мос келмайдиган хизмат даражасидан умуман қониқмадим. Биринчи дарсдан кейин зудлик билан болам бошқа бормаслигини, келишувни бекор қилишни айтдим. Шу билан 1 сентябрдан бери югуриб юрибман. Пулимни қайтариб беришларини, Uzum nasiya'даги бўлиб-бўлиб тўлашни ўзим ёпишимни айтишганди, аммо пулимни ҳали ололганим йўқ. Нима эмиш, 12,9 млн сўмдан фақат 9,8 млн қайтарармиш-да, қолган сумма банкнинг комиссияси эмиш. Бу менинг муаммом эмас-ку”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган оналардан бири.

У сўзларининг исботи сифатида Kun.uz'га бир нечта видеолар тақдим қилди. Тасвирларда дарсхонанинг таъмир ҳолати яхши эмаслиги, хонада суварак юргани, ўқитувчи машғулотни кечикиб бошлаши акс этган.

Икки фарзандини шу ўқув марказига берган оталардан бири ҳам марказ устидан шикоят қилди. Унинг айтишича, олдиндан қилинган 12 млн сўмлик тўловини бир йил деганда базўр қайтариб олган.

“2023-2024 ўқув йили бошида икки фарзандимни шу ўқув курсининг Юнусободдаги филиалига бергандим. 6 ойлик тўловни олдиндан олишди – 12 млн сўм. Ҳар куни дарсига ҳар хил ўқитувчи кирарди, на дарс жадвали амал қилади, на устозларнинг тайини бор.

Биринчи ой тугамасидан бир фарзандимни ўқитмаслигимни айтдим ва у ерда фақат битта фарзандим қолди. 2 ой тўлиқ ўтиб бўлганда ҳам боламнинг гуруҳи маълум эмасди. Ўқитувчи деганлари коллеж ёки олий таълим муассасаларини ҳали битирмаган талабалар эди. Ҳеч қандай тартиб-интизом йўқ, бирор марта болам дарсда ўтириб нимадир ўрганганини сезмадим. 3 ойдан кейин қизимни ҳам бу ерда ўқитмаслигимни айтиб, пулни қайтаришларини талаб қилдим.

Бош офисига чақиришди. У ерда сўзга чечан, ёлғонни эшворадиган йигит-қизларни кўрасиз. Лекин муаммо туғилганда, улар “бухгалтерия ёки раҳбариятга учранг, биз билмаймиз” дейишга ўтиб олади. На раҳбариятини топиб бўлади, на бухгалтериясини.

Эринмай ҳар ҳафта бордим. Ҳар гал янги одам чиқади ва маълумотларни ёзиб қолаверади. 2024 йил март ойи бошларига келиб офисига бориб жанжал қилдим, ўзини таъсисчилардан бири деб таништирган қозоқ миллатига мансуб йигит қабул қилиб, эртаси куни келишимни айтди ва шу билан пулимни нақд пулда қайтаришди”, – дейди у.

Kun.uz'га айни шу ўқув марказидан шикоят қилган бошқа фуқаролар ҳам бор. Эътироз қилаётганлар сони бир нечталигига қараганда, муаммо кўлами кенгроқ бўлиши мумкин.

“Бу каби алдов ва сохта маълумотларга асосланган рекламалар мутлақо ҳақиқатга зид” — агентлик

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, мазкур ўқув маркази 2021 йилда қозоғистонлик тадбиркор муассислигида давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳозирда Тошкент ва, Самарқанд бир нечта филиалларга эга.

Марказ ўзининг расмий сайтида дарсларни “махсус дастур асосида ўтказишини, бу дастур ишлаб чиқилишида президент мактаби ходимлари ҳам иштирок этгани”ни таъкидлаган. Ҳозиргача 3 мингдан ортиқ болалар ва уларнинг ота-оналарига хизмат кўрсатилгани иддао қилинган.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу каби алдов ва сохта маълумотларга асосланган рекламалар мутлақо ҳақиқатга зид бўлиб, улар фақатгина президент мактаблари мақомидан ноқонуний фойдаланиб, ўқув марказлари номларини оммалаштиришга мўлжалланган.

“Бугунги кунда агентлик тизимида 14 та президент мактаби мавжуд бўлиб, ҳар йили ҳар бир мактабга 5-синфга 24 нафар ўқувчи 2 босқичли имтиҳон асосида саралаб олинади.

Саралаш аслида ҳужжатлар қабули жараёнидан бошланади, яъни ўқувчининг сўнгги ўқув йилидаги математика ва табиатшунослик фанларидан баҳолари аъло бўлиши керак.

Жорий йилда президент мактабларига республика миқёсида 62 мингдан ошиқ ўқувчи ҳужжат топширди. Бу дегани 1 ўринга ўртача 185 талабгор тўғри келмоқда.

Рақобат кучли бўлгани сари баъзи номдаги ўқув марказлари “фарзандларингизни президент мактабларига тайёрлаймиз”, “президент мактабларига 100 фоиз киритиб қўямиз”, “президент мактаблари билан ҳамкорликда ишлаймиз” қабилидаги ёлғон ваъдалар, рекламалар билан ота-оналарни ўзларига жалб қилишга уринишади”, – дейилади изоҳда.

Агентлик ота-оналарни ҳар хил рекламаларга ишониб қолмасликка чақирди.

“Айни ҳолатда ота-она тайёрлов курсларининг раҳбарига “президент мактабига 24 нафар ўқувчи қабул қилинса, сизнинг ўқув марказингизда тайёрлаётган юзлаб ўқувчиларнинг ҳаммасини қандай қилиб киритмоқчисиз?” деган ҳақли саволни бериши шарт.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг тизимдаги президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларига кириш учун тайёрлайдиган ўқув курслари мавжуд эмас. Агентлик ўқув марказлари билан ҳамкорлик қилмайди. Агентлик тизимидаги президент мактаблари ходимлари ўқув марказлари дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этмайди”, – дейилади муносабатда.

Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувни давом эттиради. Фарзандларини ўқув марказларига берган ота-оналарда у ердаги таълим сифати ва тартиб-интизомдан эътирозларини @kunuzmurojaat телеграм манзилига юборишлари мумкин.

Дилшода Шомирзаева
Kun.uz

Мавзуга оид