Жаҳон | 09:22 / 13.11.2024
8357
3 дақиқада ўқилади

Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди

Фаоллар Юлия Навалнаянинг Web Summit IT-конференциясидаги чиқишида ҳаво ҳужуми сигналини ёқиб, «Россияни тўхтатинг!» ва «Урушни тўхтатинг!» деб бақира бошлашди. Навалная кейинроқ бу ҳаракатга изоҳ берди.

Фото: ЕРА

Украиналик фаоллар норозилик намойиши уюштириб, Юлия Навалнаянинг Лиссабонда бўлиб ўтган дунёдаги энг йирик технологик анжуманлардан бири – Web Summit 2024'даги нутқини бузишга ҳаракат қилишди. Бу ҳақда украиналик фаол Кристина Жук 12 ноябр, сешанба куни Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида маълум қилди.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг беваси нутқи чоғида бир гуруҳ украиналиклар ҳаво ҳужуми сигналини чалиб, инглиз тилида «Россияни тўхтатинг» ва «Урушни тўхтатинг» шиорларини бақира бошлади. Видеода залдаги томошабинларнинг олқишлари ҳам акс этган, бироқ у айнан кимга қаратилгани номаълум.

«Навалнаянинг веб-саммитдаги нутқи тўхтатилди, акцияга қўшилган барча украиналикларга раҳмат», деб ёзган Жук. «404 мамлакати фуқаролари билишлари керакки, бу уларни дунёнинг ҳар бир бурчагида кутмоқда», дея қўшимча қилди у.

Навалная: «Бизнинг умумий душманимиз бор»

Кейинроқ Юлия Навалная Лиссабондаги украиналик фаолларнинг ҳаракати ҳақида Telegramʼда фикр билдирди. Мухолифат етакчисининг беваси айтишича, унинг конференциядаги нутқи «Ғарб технология компаниялари кўпинча ақлдан озган репрессив қонунларга кўр-кўрона амал қилиб, диктаторларга қандай ёрдам беришлари» ва «бунинг олдини олиш учун нима қилиш мумкин» эканига бағишланган.

Web Summit'даги Украина иштирокчилари унинг тақдимоти ўртасида акция уюштирдилар. Навалнаянинг сўзларига кўра, у намойишчилар вакилидан микрофонни олиб, унга савол беришни сўраган. «Савол шундай эди: мен Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлайманми? Мен режимга ва урушга қарши курашяпман. Менинг эрим Алексей Навалний унга ва урушга қарши курашган ва бунинг учун қамоқда ўлдирилган».

Юлия Навалная шунингдек, марҳум турмуш ўртоғи «унга қарши ҳар бир суд мажлисидан урушга қарши нутқ учун майдонча сифатида фойдаланганини», жумладан 2022 йил 24 февралда бўлиб ўтган йиғилишни эслади. «Мен шуни айтдим. Бизда умумий душман бор ва украиналиклар Россия мухолифатида ўзларига душман ўйлаб топишлари шарт эмас», — дея таъкидлади у.

Волков: Навалная нутқини якунлашга муваффақ бўлди

Навалнийнинг беваси нутқи бузилгани ҳақидаги иддаолардан фарқли ўлароқ, залда бўлган унинг сафдоши, сиёсатчи Леонид Волковнинг айтишича, Юлия Навалная ўз нутқини якунлашга муваффақ бўлган. Волковнинг таъкидлашича, «қарсаклар ортидан» у «минбарга қайтди» ва нутқини тугатди. «Чунки бу жуда муҳим нутқ эди – катта технологиялар диктатураларга қандай ёрдам бериши ҳақида», — деб ёзди сиёсатчи Telegramʼда.

Мавзуга оид