Ўзбекистон | 21:21 / 13.11.2024
12577
2 дақиқада ўқилади

Урганчга Хитойдан 30 дона замонавий автобус олиб келинди

Автобусларни Урганчга олиб келган корхона имтиёзли кредитлари асосида жами 80 дона Zong tong русумли жамоат транспорти воситалари харид қилиш бўйича шартнома тузган.

Фото: Транспорт вазирлиги

Урганч шаҳрида аҳолига сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш, ҳаракат таркибини янгилаш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий 30 дона Zong tong русумли автобуслар келтирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу жамоат транспорт воситалари «Бунёд йўловчи ташиш» МЧЖ томонидан олиб келинган.

Корхона томонидан «Ўзмиллийбанк» АЖнинг имтиёзли кредитлари асосида жами 80 дона Zong tong русумли автобусларни харид қилиш юзасидан шартнома тузилган.

Ҳозирда лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 50 дона автобус харид қилинди. Тез орада қолган 20 дона автобус Урганч шаҳрига етиб келади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Хоразм вилоятида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи «Бунёд йўловчи ташиш» МЧЖ Хитойнинг Zhongtong Bus Holding компанияси билан шартнома имзолагани, унга кўра, Хитой заводи 2023 йил якунига қадар Хоразм вилоятига 100 та автобус етказиб бериши тўғрисида хабар берилганди.

Аввалроқ Транспорт вазирлиги Самарқанд шаҳрига ноябр ойида режалаштирилган 30 та электробусларнинг 8 таси олиб келингани, йил якунига қадар яна 64 та электробус келтирилишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид