Ўзбекистон | 16:20 / 14.11.2024
2526
4 дақиқада ўқилади

“Иқлим ўзгариши муаммоларини айниқса Марказий Осиёда ўткир ҳис қиляпмиз” — Шавкат Мирзиёев

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) бўлиб ўтмоқда. Унинг очилиш сессиясида президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. У ўз нутқида иқлим ўзгариши муаммолари геосиёсий кескинликнинг ҳам кучайишига сабаб бўлаётганини айтди.

Биринчи кун – конференциянинг очилиш сессиясида дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди. Шавкат Мирзиёев у ерга Саудия Арабистонидаги араб-мусулмон олами саммитини якунлаб, етиб борди.

Мирзиёев COP29'даги нутқини иқлим ўзгариши муаммоси глобал таҳдидга айланганидан бошлади. Президентга кўра, бу геосиёсий кескинликнинг кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Иқлим ўзгариши муаммосининг асоратларини айниқса, Марказий Осиёда ўткир ҳис қилмоқдамиз, дейди Мирзиёев ўз чиқишида.

Иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бормоқда, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Буларнинг асоратларини Марказий Осиёда ўткир ҳис қилмоқдамиз. Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда.

Париж битими доирасидаги бош мақсадимиз – минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдир”.

Президентнинг маълум қилишича, 2030 йилга қадар Ўзбекистон ҳавога иссиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиришни режа қилмоқда.

Бу борада биз Ўзбекистонда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий олиб боряпмиз. 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиришни режа қилганмиз. Бу мажбуриятни 2050 йилга қадар янада кенгайтиришга тайёрмиз. “Яшил” энергетика улушини 40 фоизгача оширамиз. Электромобил ва “яшил” водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация ҳабларини яратяпмиз. “Яшил макон” дастуримиз доирасида кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтиряпмиз. Қўшни мамлакатлар билан Минтақавий иқлим стратегиясини ҳаётга татбиқ қилмоқдамиз. Шу кунлари Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаймиз”.

Мирзиёев иқлим ўзгариши фонида ривожланаётган давлатлар учун ёрдам сўради, иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар кўмаги муҳимлигини гапирди.

Кейинги масала эса, албатта, Орол денгизи фожиаси. Ўзбекистон расмийлари олий минбарлардан туриб Орол қуришини эслатиб келади. Бир авлод кўз ўнгида Орол денгизининг бутунлай йўқолиши сайёрамиз миқёсида фожиага айланди, дейди президент.

13 ноябр куни эса Озарбойжон, Ўзбекистон, Қозоғистон президентлари Яшил энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу орқали Марказий Осиёдан Европага қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мирзиёевга кўра, қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳиссадир. Расмийларга кўра, бу лойиҳанинг экологик аҳамияти юқори бўлади. Узатиладиган энергия бу шамол ва қуёш энергияси ҳисобланиб, қайта тикланадиган ва тоза манба бўлади, табиийки, иқлимга салбий таъсир юмшайди. Янги лойиҳа билан ўн минглаб иш ўринлари яратилади, энергетика инфратузилмаси ривожланади, технологик ва ишбилармонлик алоқалари кенгаяди, деб ёзилган президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Сафарнинг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашди, Ўзбекистон миллий павилонида бўлди.

COP29 саммити 22 ноябргача давом этади.

Мавзуга оид