Жамият | 23:28 / 14.11.2024
2931
1 дақиқада ўқилади

«Миллий боғ» метро бекатида поезд техник носозлик сабаб тўхтатилди

Ҳаракат таркибидаги ҳаво компрессорининг босими меъёр талабларида эмаслиги аниқланган ва поезддаги йўловчилар бекатга туширилган.

Жорий йилнинг 14 ноябр куни соат 21:48 лар атрофида «Миллий боғ» бекатидан ҳаракатланган 24-сонли ҳаракат таркибидаги ҳаво компрессорининг босими меъёр талабларида эмаслиги аниқланди, деб хабар беради Тошкент метрополитени.

Шу боис белгиланган йўриқномага асосан, ушбу ҳаракат таркиби ҳаракатдан тўхтатилган. Шундан сўнг поезддаги йўловчилар бекатга туширилган ва ортдан юборилган бошқа ҳаракат таркиби орқали тиркамага олинган ҳолда электродепо томон олиб кетилган.

«Ҳозирги вақтда йўналишдаги поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда. Келтирилган ноқулайлик юзасидан йўловчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.

11 ноябр куни «Ўзбекистон» метро бекатидан ҳаракатланиши лозим бўлган ҳаракат таркибида техник жиҳатдан носозлик ҳолати кузатилганди. Ундан олдин эса Тошкент метросида поезднинг носоз ҳолати сабаб жуда катта тирбандлик юзага келгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид