Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан мингдан ортиқ ўлик тюленлар топилди
Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Уларнинг оммавий ўлими сабаби номаълум.
Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида сўнгги уч ҳафтада Каспий денгизи қирғоғидан мингдан ортиқ тюленларнинг жасади топилди, деб хабар бермоқда КТК телеканали.
Дастлаб улар Тупқароғон туманидан топилган. Ҳозир жасадларни Қорақиён тумани ва Оқтов шаҳри чегарасидан ҳам йиғиб олишмоқда. Ҳозирга қадар 1034 та индивиднинг ўлими ҳужжатлаштирилган. Ҳодисанинг аниқ сабаби номаълум. Балиқ назорати инспекцияси айрим ҳайвонлар браконерлик тўрларига ўралган ҳолда топилганини таъкидламоқда, аммо тўрларни оммавий ўлимнинг асосий сабаби деб бўлмайди.
“Гидробиология ва экология институти” директори Миргалий Баймуканов мутахассислар биринчи марта бунчалик кўп тюлен жасадларини қайд этишганини айтди.
“Ўлик ҳайвонларнинг қирғоққа чиқиши тўхтамаслиги мумкин. Бу ғарбий шамоллар билан боғлиқ”, — деди у. Баймуканов тюленлар ўлимининг сабабини айтиш қийин экани, бунинг учун кўплаб мутахассислар жалб қилиниши кераклигини таъкидлади: “Бу қандайдир ифлослантирувчи чиқиндилар, сейсмик фаоллик кўринишидаги табиий офатлар бўлиши мумкин, яъни геологлар ўз сўзини айтиши керак. Ҳайвонларда ўлимга олиб келиши мумкин бўлган вируслар бор-йўқлигини аниқлайдиган вирусологларнинг хулосаси ҳам зарур”.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир индивиднинг ўлими популяция учун катта зарар келтиради. “Биздаги маълумотларга кўра, 30-50 йилгача умр кўрадиган тюленлар жуда кам учрайди. Популяциянинг кўпайишида муҳим рол ўйнайдиган ўрта ёшли зотлар нобуд бўлмоқда. Тюленлар шу ёшида ҳалок бўлса, бу йўқотиш ўрнини тўлдириб бўлмаслиги мумкин”, — деб хулоса қилди Баймуканов.
Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда Каспий денгизининг Қозоғистон сектори акваториясида 240 мингдан ортиқ индивид яшайди. Бу ҳайвонларнинг оммавий қирилиши деярли ҳар йили кузатилади. Мутахассислар бунинг эҳтимолий сабаблари сифатида кемалар қатнови, денгизнинг ифлосланиши, микропластик ва балиқ овлаш тўрларини кўрсатмоқда. Тюленлар тўрларга ўралиб қолиб, жароҳатланади.
Мавзуга оид
20:58
Катта эҳтимол билан Россия ракетаси зарба берган. Оқтовдаги авиаҳалокатнинг иккинчи кунига келиб яна нималар маълум?
19:17
Озарбойжон самолёти Россия ракетаси сабабли ҳалокатга учраган – Euronews
16:55
Қозоғистондан Ўзбекистонга нефт маҳсулотлари ташиладиган махфий туннел топилди
22:27 / 25.12.2024