Жамият | 15:25 / 21.11.2024
9394
5 дақиқада ўқилади

Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди

Мутахассислар узоқ ўтириш айнан нимаси билан хавфли экани ва унинг салбий оқибатларидан халос бўлиш йўлларини айтди.

Фото: Shutterstock

Кун бўйи иш столида ўтириш юрак-қон томир касалликлари хавфини ошириши мумкин — бўш вақтингизда жисмоний машқлар билан шуғулланиш бефойда, деб ёзмоқда CNN янги тадқиқот натижаларига таяниб.

“Натижалар жисмоний фаоллигингиздан қатъи назар, ҳаддан ташқари кўп ўтиришдан қочиш муҳимлигини таъкидлайди”, — деди тадқиқот биринчи муаллифи, Бостондаги Brigham and Women’s шифохонаси кардиология бўлими илмий ходими доктор Эзим Ажуфо.

Узоқ ўтиришнинг соғлиққа зарари ҳақида аввалдан умумий тушунча бор. Аммо қанча вақт ўтиришни узоқ дейиш мумкинлиги ва бунинг аниқ хавфларини тушуниш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур, деб таъкидлади Колумбия университети Тиббиёт марказининг хулқ-атвор тиббиёти кафедраси доценти доктор Кийт Диас.

Диаснинг сўзларига кўра, янги тадқиқот кенг кўламда ўтказилгани ва унда қўлланган усуллар билан алоҳида аҳамиятга эга.

Америка кардиология коллежи журналида эълон қилинган тадқиқотда айтилишича, олимлар бир ҳафта акселерометр (жисмоний фаолликни ўлчайдиган билагузук) тақиб юрган қарийб 90 000 кишининг маълумотларини ўрганди. Улар тажриба иштирокчиларининг ўтирган ва фаол ҳолатда ўтказган вақтларини кейинги йилларда аниқланган инсулт, юрак хуружлари ва юрак етишмовчилиги каби касалликлар билан таққослаб чиқди.

Тадқиқотга кўра, кам ҳаракатли турмуш тарзи нафақат юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади, балки ортиқча ўтиришнинг муайян зарарлари ҳақида умумий тасаввур беради.

“Биз одамларга кунига имкон қадар 10,6 соатдан ортиқ ўтирмасликни қатъий тавсия қиламиз”, — деди Ажуфо. “Бу қатъий чегара эмас, лекин буни жамоат саломатлиги учун биринчи оқилона қадам деб ҳисоблаймиз”.

Нега ўтириш бунчалик зарарли?

Тадқиқотда фойдаланилган маълумотларда айрим чекловлар мавжуд.

Улар Буюк Британиянинг Биобанк лойиҳасидан олинган. Биобак — йирик биотиббиёт маълумотлари базаси ва узоқ муддат давомида одамларни кузатиб борадиган тадқиқот ресурсидир. Ажуфонинг айтишича, танланма асосан оқ танли ва келиб чиқиши европалик бўлган одамлардан иборат эди, шунинг учун у Осиё ёки Америка аҳолисини тўлиқ акс эттирмайди.

Кузатув характерига эга бўлгани сабабли ушбу тадқиқот ўтириш юрак касаллигига бевосита сабаб бўлишини исботлай олмайди, аммо боғлиқликни аниқлашга имкон беради, деб қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Диас кун давомида ҳаддан ташқари узоқ вақт ўтириш салбий оқибатларга олиб келиши ҳақиқат эканини таъкидлади. У мушаклар қондаги шакар ва ёғ миқдорини тартибга солишда муҳим рол ўйнашини қўшимча қилди. Улар ўз вазифасини яхши бажариши учун эса ҳаракат зарур.

“Танаффусларни жисмоний фаоллик билан ўтказиш мушакларга ўз вазифасини бажариш учун зарур рағбатни беради, бунинг учун кўп куч сарфлаш шарт эмас”, — деди Диас.

Ҳаракатни қандай бошлаш керак?

Агар кун бўйи офисда ўтирсангиз ва асосий ҳаракатланиш ишга бориб-келишдан иборат бўлса, 10 ярим соатлик ўтириш чегарасига тезда етиб олишингиз мумкин.

Тик туриб ишлайдиган стол сотиб олиш ечим эмас, деб қўшимча қилди Диас. Бир жойда қимирламасдан туриш мушакларга шакар ва ёғларни самарали парчалаш учун зарур бўлган ҳаракатни бермайди.

Унинг айтишича, велосипед ёки югуриш йўлакчаси ўрнатилган иш столи фойдали бўлиши мумкин. Айрим учрашувларни сайр қилиб ўтказишни ҳам синаб кўриш мумкин.

Диас ҳар ярим-бир соатда бир неча дақиқа туриб юришни ёки бир вазифани тугатгач, кейингисига ўтишдан олдин қисқа танаффус қилишни тавсия қилди.

Афсуски, кун охирида тўлиқ спорт билан шуғулланиш узоқ ўтиришдан келиб чиққан муаммолардан халос бўлишни кафолатламайди, деди Ажуфо тадқиқот маълумотларига асосланиб.

“Баъзи носоғлом одатлар ўрнини кўчага чиқиб югуриш билан қоплай оламиз, деб ўйлаймиз”, — деди у. “Натижалардан шундай хулоса чиқадики, ўртача ёки юқори даражадаги жисмоний фаоллик — югуриш ёки тез юриш узоқ ўтиришнинг зарарли оқибатларидан қутулиш учун етарли эмас”.

Диаснинг таъкидлашича, тушкунликка тушмаслик керак. Машқлар барибир фойдали бўлиб қолади ва одамларга турли жиҳатлардан наф келтиради.

“Машқ қилсангиз кун бўйи ўтириб спорт билан шуғулланмаган одамга қараганда ўзингизни анча яхши ҳис қиласиз”, — деди у. 

Мавзуга оид