Жаҳон | 07:50 / 22.11.2024
7694
3 дақиқада ўқилади

БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда

БМТ Москва ва Киевни кескинликни пасайтиришга чақирмоқда. Россиянинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан сўнг Володимир Зеленский Москвани урушни авж олдириш йўлида бир йил ичида иккинчи қадам қўйганликда айблади ва «Россия тинчликни албатта истамаслигини» айтди.

Фото: AP

Россиянинг Украинага зарба бериш учун ўрта масофага мўлжалланган янги баллистик ракетадан фойдаланиши БМТ томонидан «хавотирли воқеалар ривожи» деб баҳоланмоқда. 21 ноябр, пайшанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик: «Бу яна бир ташвишли ва хавотирли воқеа», деди.

Шу билан бирга, Дюжаррик можаронинг ҳар икки томонини вазият кескинлигини пасайтириш, урушни халқаро қонунларга мувофиқ тугатиш ва тинч аҳоли ҳимоясини таъминлашга чақирди — «фуқаро нишонлари ёки муҳим фуқаролик инфратузилмасига зарба бермаслик» лозимлиги таъкидланди.

Зеленский Россияни эскалацияда айблади

21 ноябр куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский Telegramʼда тарқатган баёнотида Россияни можарони кучайтираётганликда айблаб, буни бир йил ичида иккинчи ҳолат деб атади. «Бугун Путин бу йилги урушни кучайтириш, кенгайтириш томон иккинчи қадам қўйганини тан олди. Янги баллистик ракета қўлланди. Путин бизнинг Днипро шаҳримизга зарба берди — у Украинанинг энг йирик шаҳарларидан бири. Бу очиқ ва аниқ. Бу урушнинг миқёси ва шафқатсизлигининг жиддий ўсиши, Россиянинг БМТ Низомини бузиши ва мен таъкидлайманки, бу Россиянинг бир йил ичида эскалацияга қаратилган иккинчи қадамидир. Биринчиси контингенти камида 11 минг аскардан иборат Шимолий Кореяни жалб қилиш бўлди», деб ёзди Украина раҳбари.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага баллистик ракета ҳужуми «Россия тинчликни истамаслигининг исботидир». «Ва Путин Украинанинг узоқ масофага мўлжалланган қуролларни қўллагани бизнинг янги қадамимизга сабаб бўлди, деб ёлғон гапирмоқда. Ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқимиз бошқа халқлар билан бир хил», — деди Украина раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, Россия зарбасига «дунёнинг кучли реакцияси» йўқ, бироқ дунё «бу нарсага муносабат билдириши керак». «Биз Россияни ҳақиқий тинчликка мажбурлашимиз керак, акс ҳолда, Россиянинг зарбалари, таҳдидлари ва беқарорлаштирувчи ҳаракатлари нафақат Украинага қарши бўлади», — дея огоҳлантирди Володимир Зеленский.

Мавзуга оид