Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
2020 йилги президентлик сайловларида Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплаган эди. Ўшанда сайлов куни ва кейинги уч кун давомида Беларусда интернет ишлашида муаммолар кузатилган.
Беларус президенти Александр Лукашенко 2025 йил январ ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида 2020 йилдаги каби норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай» ўчириб қўйишини маълум қилди. Тўрт йил олдинги сайловлардан бери бутун мамлакат аҳолиси интернетга киришда муаммоларга дуч келди.
Гуманитар йўналишдаги олий таълим муассасалари талабалари билан учрашувда Александр Лукашенкодан сайловолди кампанияси вақтида интернет нима учун ўчирилиши тўғрисида сўрашган. Талабалардан бири 2020 йилги президентлик сайловлари вақтида мамлакатда интернет билан боғлиқ узилишлар тўрт кун давом этганини эслатди. «Агар бу яна такрорланса, бутунлай ўчириб қўямиз», — дея жавоб қайтарди Беларус президенти.
«Очиқ айтаман, бу деярли ҳар доим, айниқса, дастлабки босқичларда, менинг рухсатим билан бўлган. Сенда иккита муаммо бўлса, қайси бири муҳимроқ эканини тортиб кўрасан. Тарозининг бу палласида мамлакат бор эди. Агар биз мамлакатни ушлаб қолмаганимизда… «ўзгаришлар, ўзгаришлар»… Ва мен бу қаердан келаётганини тушунардим. Буларнинг барчаси интернетдан, аввало Полшадан келди: қаерга бориш, қандай бориш бўйича маршрутлар», — дейди Лукашенко.
2020 йилги президент сайловлари якуни бўйича, расмий маълумотларга кўра, Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплаган, мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса 10 фоиз. 9 август, сайлов куни ва кейинги уч кун давомида Беларусда интернет ишлашида муаммолар кузатилди. Мамлакатда Лукашенконинг истеъфоси талаб қилинган ҳолда оммавий норозилик намойишлари бошланиб, бир неча ой давом этди.
Беларус ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, президентлик кампанияси бошланганидан 2020 йил охирига қадар 35 минг намойиш иштирокчиси қўлга олинган. Светлана Тихановскаяга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, у сайловлардан кейин Беларусни тарк этган.
Мавзуга оид
23:57 / 13.12.2024
Гуржистон президенти янги парламент сайловларига қадар ўз лавозимини тарк этишдан бош тортди
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
17:21 / 09.12.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
02:18 / 07.12.2024