Ўзбекистон | 18:17 / 22.11.2024
4202
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат»га янги раис тайинланди

Санжар Сатторов «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Акциядорлик жамиятининг олдинги раиси Анвар Жўраев феврал ойи бошида қамоққа олинган эди.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

Санжар Сатторов «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Санжар Сатторов 1979 йил 15 ноябрда Бухоро вилоятида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобил йўллари институтининг бакалавр босқичини, 2005 йилда Тошкент автомобил йўллари институтида магистратура босқичини автотранспорт воситаларидан фойдаланиш, автотранспортда халқаро юк ташиш йўналишини тамомлаган.

Тайинловга қадар у Ўзбекистон автомобил транспорти агентлигининг турли лавозимларида, Транспорт вазирлиги тасарруфидаги Uzautotrans Service МЧЖ бош директори, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари ҳамда Транспорт назорати инспекцияси Автомобил ва сув транспортида назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси (бир вақтнинг ўзида Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди. У автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказишда айбланган. Анвар Жўраев 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» раиси бўлган, бироз муддат ишдан олиниб, 2019 йилда яна шу лавозимга қайтарилган.

Шунингдек, Миракбар Икромов Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Миракбар Икромов 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент авиация институтининг маркетинг йўналишини тамомлаган. Тайинловга қадар у Транспорт вазирлиги Автомобил ва жамоат транспорти департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид