Фан-техника | 21:37 / 22.11.2024
5837
2 дақиқада ўқилади

Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди

5 кубитли турк квант компьютери аллақачон оптималлаштириш, криптография, молекуляр моделлаштириш ва сунъий интеллект каби соҳаларда ўз потенциалини намойиш этиб улгурди.

Фото: Anadolu Agency

Туркия иқтисодиёт ва технология университети (TOBB ETÜ) 5 кубитли мамлакатдаги биринчи квант компютерни тақдим этди.

Квант компютер — бу маълумотларни қайта ишлашда квант физикаси қонунларидан фойдаланувчи қурилма. Битлар (0 ва 1) билан ишловчи оддий компютерлардан фарқли равишда квант компютерлар кубитлардан фойдаланади. Бу унга мураккаб масалаларни классик компютерлардан сезиларли даражада тезроқ ечиш имконини беради. Хусусан, анъанавий компютерлар минглаб йил сарфлайдиган вазифаларни квант компютер бир неча сония ичида амалга оширади.

5 кубитли турк квант компютерининг тизими ҳозирча дастлабки босқичда, аммо аллақачон оптималлаштириш, криптография, молекуляр моделлаштириш ва сунъий интеллект каби соҳаларда ўз потенциалини намойиш этиб улгурган.

TOBB ETÜ университети ўзларининг мақсади — квант технологияни реал секторга, жумладан, тиббиёт, энергетика ва молия соҳаларига жорий этиш учун шароит яратишдан иборат эканини маълум қилди. Бундай ихтиролар давлат илмий дастурлари ва халқаро экспертлар билан ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилмоқда.

Олий таълим маскани вакилларининг сўзларига кўра, 5 кубитли квант компютер — бу биринчи қадам холос. Яқин йилларда технологияни ривожлантириш, кубитлар сонини ошириш ва квант ҳисоблаш имкониятларини кенгайтириш режа қилинган.

«Маълумки, квант компютер мамлакат иқтисодиётида жуда муҳим. Масалан, ундан ядровий реакцияларни аниқ моделлаштириш, ҳисобларни тез амалга ошириш, реакторлар ишини оптималлаштириш ва янги материалларни ишлаб чиқиш орқали атом энергетикасида фойдаланиш мумкин, бу эса соҳанинг самарадорлиги ҳамда хавфсизлигини оширади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Американинг Google корпорацияси ўта кучли квант компютерини яратишга муваффақ бўлганини эълон қилганди – у суперкомпютер 47 йил сарфлайдиган масаланинг ечимини бир неча сония ичида топади.

Мавзуга оид