Жаҳон | 22:51 / 22.11.2024
16748
7 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?

Ҳаагадаги халқаро трибунал Исроил бош вазири ва собиқ мудофаа вазирини Фаластиндаги бемисл хунрезликлар учун қамоққа олишга буйруқ бергани – тарихий адолатнинг қарор топиши йўлидаги катта ҳуқуқий, маънавий марра, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида.

Кеча, 21 ноябр куни Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни қамоққа олиш учун ордер берди.

Улар уруш методи сифатида очлик келтириб чиқаришда ифодаланган ҳарбий жиноятлар ҳамда қотиллик, таъқиб қилиш ва бошқа ноинсоний хатти-ҳаракатларда ифодаланган инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Нетаняҳу ва Галант, шунингдек, тинч аҳолига қасддан ҳужум уюштириш жиноятига алоқадорликда ҳам айбланган.

Исроил давлати бу ҳукмни жуда салбий қабул қилди. Мамлакат сиёсий элитаси жазавада. Нега? Сабаби оддий: бу суддан кейин исроиллик ҳарбийлар, бошқа сиёсатчилар ҳам судланиши, айбдор деб топилиши, натижада бутун Исроил давлатининг халқаро муносабатлари мажруҳланиши мумкин.

Қолаверса, бу суд ҳукми – жуда оғир ҳуқуқий-тарихий тамғаки, бундан кейин “Исроил – энг оғир жиноятлар қилган ва расман ушбу жиноятларда айбланган давлат” деб тан олинади.

Халқаро жиноят суди баёнотига кўра, Исроил “атайлаб миллионлаб инсонларни Ғазода очдан ўлдириш учун блокада сиёсатини олиб борди”, “атайлаб тинч аҳолини ўққа тутиб, ўн минглаб инсонларни ўлдирди”, деган айбловлар илгари сурилмоқда.

Эндиликда Рим статути (ХЖСнинг асос ҳужжати)ни ратификация қилган давлатлар Нетаняҳу ушбу давлатларга борган тақдирда уни ушлаб бериши керак бўлади. Бу – Исроил бош вазири ва давлатчилигини жуда қийин аҳволга солади.

Халқаро жиноят судининг Рим Статути. Яшил ранг – аъзо мамлакатлар; сариқ ранг – аъзо бўлиш ҳақидаги қарорни қабул қилган, аммо уни ратификация қилмаган мамлакатлар; бинафшаранг – аъзолигини тўхтатган мамлакат; сабризанг – аъзо бўлиш ҳақидаги қарорини ратификация қилмай туриб бекор қилган мамлакатлар; қизил – аъзо бўлмаган мамлакатлар.

Суд ҳукмига муносабатлар турлича бўлди. АҚШ, ҳар доимгидек, Исроил тарафда. Вашингтон бу масалада яккаланиб қолди. АҚШ президенти Байден “бу ҳукмдан жаҳлим чиқди, биз Исроил хавфсизлигини ҳимоя қиламиз” деди. АҚШлик сенатор Том Коттон эса янада радикалроқ фикр билдирди: “Кимки бу қарорни ижро қилса, ўзидан кўрсин, керак бўлса бостириб кирамиз”.

Европа Иттифоқи расмийлари ва сиёсатчилари суд қарорига итоат этишини билдирмоқда. “ХЖС қарори сўзсиз бажарилиши керак, бу ҳукм сиёсий эмас, ҳуқуқий”, деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар комиссари Жозеф Боррел. Буюк Британия, Франция, Канада, Нидерландия ва бошқа давлатлар суд ҳукмини бажаришга тайёрлигини билдиришди. Бу дегани, агар ушбу давлатларга Нетаняҳу ёки Галант келишса, улар қамоққа олиниши ва ХЖСга топширилиши керак.

Исроил ХЖС ҳужжатларини қабул қилмаган қилмаган. АҚШ ҳам. Лекин Фаластин – ХЖС аъзоси. Шунинг учун Фаластин ҳудудида, унинг аҳолиси билан содир бўлган жиноятлар суд томонидан инобатга олинди.

Бу суд ҳукми нафақат Исроил учун, балки унинг энг асосий ҳомийси ва ҳимоячиси бўлган АҚШ учун ҳам катта муаммо бўлади. АҚШдаги Исроил лоббиси, шу пайтга қадар расмий Вашингтонни Исроил манфаатларига бўйсундириб, боғлаб келди. Натижада, Исроилнинг Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсати, минтақа ва АҚШнинг манфаатлари учун учта йўналишда катта муаммолар ва зарарлар келтирди.

Биринчидан, Исроил сабабли, АҚШга бўлган глобал ишонч жуда катта кўламда емирилди. Минтақада ва глобал даражада АҚШга “икки стандартли давлат” дея қараш одатий ҳолга айланди. АҚШнинг айнан Яқин Шарқдаги сиёсати сабабли, ундан масофа сақлаш ва муқобил геосиёсий вектор излаш кучайиб борди, бормоқда.

Иккинчидан, Яқин Шарқ минтақаси хонавайрон бўлди. Минтақа урушлар ўчоғига айланиб қолгани, беқарорлик ўчоғи экани ҳаммага маълум. Исроил АҚШнинг қўли билан бу ерда шу пайтгача жуда кўплаб урушлар олиб борди. Исроилнинг мақсади – минтақада унга соя соладиган қудратлироқ давлат бўлмаслиги керак. Агар минтақада бирон мусулмон давлат гуллаб-яшнай бошласа, ва геосиёсий мустақил бўлишга интилса – Исроил АҚШ орқали унга уруш очишга интилди. Шунинг учун кейинги ўн йилликларда Исроил минтақадаги кўплаб давлатларни муттасил заифлаштириб келди. Ироқ, Ливия, Сурия, Судан, Ливан, Сомали – бу АҚШ ва Исроил биргаликда уруш очиб, хонавайрон қилинган давлатлар ҳисобланади. Ҳали Исроилнинг “қора рўйхати”да Эрон, Туркия, Қатар ва бошқа давлатлар ҳам бор. Кимки Исроилнинг геноцидини танқид қилса, у душман ҳисобланади.

Учинчидан, Исроилнинг стратегик мақсади – Фаластин давлати ташкил топишига имкон бермаслик. Бунинг учун Исроил муттасил геноцидлар, урушлар, тозалашлар, босимлар қилиб келди. Исроил ҳеч бир шароитда “икки давлат” ғоясини қабул қилмайди. АҚШ эса Исроилнинг бу сиёсатини БМТ ва бошқа институтларда туриб ҳимоя қилади. Натижада, бугун глобал майдонда халқаро ҳуқуқ мажруҳланди, инсон ҳуқуқлари ва демократия обрўсизланди.

Исроил расмийларининг Халқаро жиноят суди томонидан айбланиши – катта тарихий, ҳуқуқий, маънавий марра ҳисобланади. Келажакда катта ўзгаришлар учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Исроил ҳали қилган жиноятларини тан олиш босқичидан узоқ. Ҳали Фаластин давлати ташкил топиш вазиятига яқин эмас. Лекин жараён кетаяпти. Исроил – тарихий инқирозда. Ва албатта, қилган жиноятлари учун жавоб бериш вақти келади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид