Ўзбекистон | 16:40 / 23.11.2024
8860
2 дақиқада ўқилади

Пропан нархи кескин ошиб кетгани юзасидан масъул идораларга депутатлик сўрови юборилди

«Адолат» социал-демократик партияси Энергетика вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Бош прокуратурадан тушунтириш сўрамоқда.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархи кескин ошиб кетганлиги юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари юборди.

Қайд қилинишича, пропан нархи охирги ойлар давомида икки баробар қимматлашган бўлиб, бу ҳолат «кўплаб истеъмолчилар учун иқтисодий-ижтимоий муаммолар келтириб чиқармоқда».

«Мазкур ҳолат нафақат бозор механизмлари шаффофлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатади, балки куз-қиш мавсумида ёнилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши муносабати билан логистика жараёнларини янада самарали ташкил этиш, таннарх шакллантиришда шаффофликни таъминлаш ва бозорда ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш каби долзарб вазифаларни ҳал қилишни талаб қилади», дейилади партия хабарида.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Энергетика вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Бош прокуратурага пропан нархи ошиши сабабларини аниқлаш, аҳолига аниқ ва асосли жавоб бериш, нархларни барқарорлаштириш ҳамда бу борада таъсирчан чоралар кўриш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш бўйича депутатлик сўровлари юборган.

Мавзуга оид