Жаҳон | 14:22 / 24.11.2024
11083
2 дақиқада ўқилади

Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин

Франциянинг узоқ масофага учувчи ракеталари Украина томонидан Россия ҳудудидаги нишонларга “ўзини ҳимоя қилиш мантиғи” асосида қўлланиши мумкин, деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро.

Фото: Jeff Overs/BBC

“Принцип белгиланди. Бизнинг [Украина президенти Володимир] Зеленскийга йўллаган хабарларимиз яхши қабул қилинди”, деди Барро BBC'га берган интервюсида.

Франция президенти Эммануэль Макрон Украинага берилган француз ракеталари билан Россия ҳудудига зарба бериш рухсатини беришга тайёрлиги ҳақида шу йил бошидаёқ айтган. Барронинг юқоридаги баёноти эса Украина кучлари АҚШ ва Британиянинг узоқ масофали ракеталари билан Россия ҳудудига илк марта зарба йўллаганидан бир неча кун ўтиб айтилди.

Франция Украинага 250 километр масофагача зарба йўлловчи SCALP ракета тизимларини етказиб берган.

Жан-Ноэль Барро бир неча кун олдин Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми билан музокара ўтказган эди. Унинг фикрича, Ғарбдаги иттифоқчилар Украинага қўллаб-қувватлов ҳажмини чекламаслиги керак. Бу масалада “қизил чизиқлар” қўймаслик зарур, дейди у.

BBC мухбирининг ҳарбий ҳаракатларга Франция ҳарбийлари ҳам жалб этилиши эҳтимоли ҳақидаги саволига, Барро: “Биз ҳеч қайси вариантни инкор қилмаяпмиз”, дея жавоб берди.

“Украинани қанча керак бўлса шунча интенсив ва узоқ қўллаб-қувватлаймиз. Нима учун? Чунки харитага бизнинг хавфсизлигимиз қўйилган. Россия армияси ҳар сафар бир квадрат километрга силжиганида, Европага хавф ҳам бир квадрат километрга яқинлашади”, деди у.

Франция ташқи ишлар вазирига кўра, унинг мамлакати Украинани НАТОга таклиф қилишга тайёр.

“Биз таклиф юборишга тайёрмиз. Дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз, шунингдек, Украинанинг дўстлари ва иттифоқчилари билан муҳокамаларимизда уларни ўз позициямизга яқинлаштириш устида ишлаяпмиз”, деди Жан-Ноэль Барро.

Мавзуга оид