Жаҳон | 15:06 / 24.11.2024
12692
1 дақиқада ўқилади

Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters

Манбага кўра, Россия Курск фронти очилганидан буён бу ерга 59 минг ҳарбийсини ташлаган. Шунингдек, бу ерга 11 минг шимолий кореялик аскар ҳам етиб келгани, лекин уларнинг аксарияти ҳамон тайёргарликдан ўтаётгани айтилмоқда.

Фото: Yan Dobronosov / REUTERS

Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областида август ойидаги ҳужум вақтида эгаллаб олинган ҳудудларнинг 40 фоиздан ортиғини Россиянинг қарши ҳужумлари тўлқини сабаб қўлдан чиқарган. Бу ҳақда Украина Бош штабидаги манбага таяниб, Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Манбага кўра, украин қўшинлари Курскка кирганидан буён Россия 59 минг ҳарбийсини ушбу фронтга йўналтирган.

Манба, шунингдек, Курск областига шимолий кореялик 11 минг аскар етиб келгани, лекин уларнинг катта қисми ҳали тайёргарликдан ўтаётганини қайд этган.

Reuters суҳбатдошига кўра, август ойида Украина қуролли кучлари Курск областида 1300 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаб олган, ҳозир эса тахминан 800 квадрат километрлик ҳудудни назоратида ушлаб турибди.

Агенилик ушбу иддаоларни мустақил текшириш имкониятига эга эмаслигини таъкидлаган. Россия Мудофаа вазирлиги сўровга жавоб бермаган.

Мавзуга оид