Ўзбекистон | 22:10 / 25.11.2024
15132
2 дақиқада ўқилади

1 январдан Тошкент жамоат транспортида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира нархи ошиши кутилмоқда

Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида 2025 йил 1 январдан нақд пул шаклидаги йўлкира нархи ошиши кутилмоқда. Тошкент шаҳри ҳокимининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланмоқда:

- бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 минг сўм (ҳозир 2 минг сўм). Бунда, бир йўловчи қатнови учун бир марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1700 сўм ундирилади;

- бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 минг сўм;

- қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1600 сўм.

Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.

Қайд қилинишича, Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

Мавзуга оид