Жамият | 16:40 / 25.11.2024
12010
11 дақиқада ўқилади

 “42 км югуриш унга чўт эмас” – 54 ёшида марафон чемпиони бўлган янгибозорлик ўқитувчи

Дилфуза Аллаёрова уч фарзанднинг онаси, бир неваранинг бувиси. 33 йилдан бери Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида рус тилдан дарс бериб келади. У асосий касбидан ташқари мунтазам югуришни одат қилган. Жорий йилда 50-54 ёш тоифасида Сидней марафонида ғолиб чиққан. Kun.uz билан суҳбатда у шу ёшда қандай қилиб узоқ масофаларга югуришнинг уддасидан чиқаётгани, бунинг машаққатлари ҳақида гапириб берди.

Онамнинг истаги билан ўқитувчи бўлганман

33 йилдан бери мактабда педагог сифатида ишлайман. Ўзбек синфларга рус тилидан, рус синфларга эса ўзбек тилидан дарс бераман. Аслида ўқувчилик давримдан спортга иштиёқим баланд эди. Баскетболга қизиқардим, шу спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашардим. Мактабни тамомлагандан сўнг жисмоний тарбия ва спорт университетида ўқишни давом эттириш ниятим бўлган. Салоҳиятимни билган университетдаги мураббийлар “олийгоҳимиз номидан баскетбол бўйича мусобақаларда иштирок этсанг, сени ўқишга имтиҳонсиз қабул қиламиз”, деган таклифларни ҳам билдирган. Аммо онам спорт соҳасида таълим олишимни хоҳламаган. “Педагогика бўйича ўқийвер, бўш вақтингда баскетбол билан мустақил шуғулланиб юраверасан”, деган маслаҳатларни бериб, ўқитувчилик касбини эгаллашимни истаган. Шу сабаб олий таълимни Нижний Новгород давлат педагогика олийгоҳида олганман. Университетда ҳам баскетбол терма жамоасига қабул қилиниб, турли мусобақаларда қатнашганман. Ўша пайтда онамнинг спорт соҳасида ўқишимга қаршилик қилганидан ранжиган бўлсам-да, ҳозирда улардан миннатдорман. Сабаби, айни вақтда севимли касбим ҳам бор, севимли машғулотим – спорт ҳам бор.

Маҳаллада югуриш бошида ноқулайлик туғдирган

Тонги соат 05:00 да кўчага чиқиб, спорт машғулотларини бошлайман. Кунлик режамга кўра, бир соатдан бир ярим соатгача жисмоний машқларни бажараман. Ҳар куни ўртача ўн километрдан ортиқ югураман. Мактабдаги дарсларим соат саккизда бошлангани учун шу вақтга қадар машғулотларни тугатиб, дарсга кетаман.

Уйимиз Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларидан бири – Янгибозор қўрғонида жойлашган. Югуришни бошлаган илк вақтларимда маҳалладан ўтиш жуда ноқулай бўларди. Ёши катта аёлнинг кўча бўйлаб югуриб юриши менталитетимизга ётроқ жараён бўлгани учун қўшнилар ғайриоддий кўз билан қарашарди. Кўрганлар “қиладиган бошқа ишинг йўқми, эрталабдан нима зарил сенга?” деган турли кесатиқлар қиларди. Қолаверса, ёш келинлар саҳарда ҳовли-уйларни супуриб турганда уларнинг олдидан онаси тенги бўлиб югуриб ўтиш ўзимга ҳам бошида янглиш туюлган. Машғулотларни муттасил давом эттирганимдан кейин маҳалламиздагилар буни одатий ҳолдек қабул қиладиган бўлишди. Кейинчалик магистрал бўйлаб югуришни бошладим. Йўлда ҳам қизиқ воқеалар юз берарди: кимдир баланд овозда сигнал чалиб, одамни ноқулай ҳолга солиб ўтса, кимдир “олға”, “мы верим в тебя”, “югуришни тўхтатманг”, деган сўзлар билан мотивация бериб кетарди.

Кекса аёллар марафонларда деярли қатнашмайди

Дастлаб узоқ масофаларга югуриш бўйича ўзимни синаб кўриш мақсадида ўн километрни босиб ўтдим. 2021 йил август ойида эрта тонг соат 04:30 да туриб биринчи марафонимни югурдим. Илк марафонда Янгибозордан Тошкентга келиб ва яна худди шу йўналишда пойтахтдан Янгибозорга қайтдим. Жами 42 километр югурдим. Бу масофани 3 соат 42 дақиқада босиб ўтдим. Ҳар бир километрга 5 дақиқа 17 сония вақт ажратиб, ўртача тезликни сақладим. Марафон муваффақиятли якунланганидан сўнг ўзимда катта ишонч пайдо бўлди ва 2021 йилда ўтказилган II Тошкент халқаро марафонида қатнашдим. Шу тариқа марафонлардаги иштироким бошланди.

2021 йилда Жиззах вилоятида иккинчи Зомин ултрамарафони ташкил этилган эди. 50 км масофалик ултрамарафонда иштирок этишга катта ёш тоифасида 50 нафар қатнашчи рўйхатдан ўтган, шуларнинг орасида фақат иккитаси аёл бўлган, аёллардан биттаси эса мен. Катта ёш тоифасидаги марафончилар ичида негадир аёлларни учратиш қийин, одатда. Бизда кекса аёлларнинг югуришини нормал ҳолат сифатида қабул қилишмайди. Фикримча, бу қарашни ўзгартириш вақти келди. Зомин ултрамарафонига қайтсак, бу мусобақада югуриш бироз қийинроқ кечди, сабаби, йўлаклар денгиз сатҳидан 2000 км баландликда жойлашган, ҳаво зичлигининг пастлиги ва кислород миқдорининг камлиги ноқулайликларни юзага келтирарди. Бироқ шунга қарамай, ушбу марафонда умумий ҳисобда 17-бўлиб келдим ва бошқа эркаклардан юқорироқ натижани қайд этдим.

Катта ёшли марафончилар эътибордан четда қоляпти

Шу вақтга қадар умумий ҳисобда жами ўн олтита марафонда иштирок этдим. Жумладан, 2020 йилдан буён ўтган 4 йил ичида Тошкент, Зомин, Чимкент, Олмаота, Остона ва Иссиқкўл шаҳарларида ташкил этилган марафонларида. Иссиқкўл марафонида яхши натижага эришганим учун югуриш бўйича Чикагода бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олдим. Бироқ рўйхатдан ўтиш ва бориб-келиш жараёнларида бир қатор қийинчиликларга дуч келдим.

Почтага юборилган хатга жавоб йўллаш ва марафонга рўйхатдан ўтиш учун инглиз тилида ёзиш керак, мен эса бу тилни билмасдим. Тил масаласида ўғлим ёрдам берди. Рўйхатдан ўтиш пулли бўлиб, унинг учун $450 тўлаш талаб этилади. Бундан ташқари, виза олиш масаласи бор, бунга ҳам маблағ керак. Молиявий ҳолатлар билан боғлиқ нуқталарда оқсадим. Ўша пайтларда “марафонларга қатнашмай қўя қоламан” қабилидаги фикрлар ҳам келди. Сабаби марафонда иштирок фақатгина жисмоний тайёргарликни эмас, балки катта ташкилий ишларни ҳам талаб қиларди. Бу масалада ҳудудимиздаги ҳокимиятга бир неча бор мурожаат қилдим, лекин жавоб ижобий бўлмади, Афсус, бизда катта ёшдаги марафончиларга деярли эътибор қаратилмайди. Кейин бошқа ташкилотларга мурожаат қилдим. Хусусий ташкилотлардан бири мен ва тренеримнинг Чикагодаги марафонга бориб-қайтиш харажатларимизни тўлиқ қоплаб берди, буларнинг барчасига $4000 дан кўпроқ маблағ кетди. Марафонда 50-54 ёш тоифасидагилар орасида бешинчи ўринни эгалладим, масофани 3:01:00 дақиқада босиб ўтиб, шахсий рекордимни ўрнатдим.

Сиднейда шахсий рекордимни янгиладим

Чикагодаги марафонда яхши натижага эришганим учун Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон енгил атлетика федерациясининг платинум даражасидаги “ТСS Sydney Marathon”га таклиф этилдим. Маълум қилишларича, марафонга Ўрта Осиё бўйича битта менга таклифнома юборилган экан. Мусобақага тренерим билан биргаликда катта тайёргарлик кўрдик, марафон маршрутини аввалдан ўрганиб чиқдик. Сиднейга жўнаб кетишдан уч ҳафта олдин Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида тоғли жойда югуриш эффектини ҳис қилиш учун турли амалий машғулотларни ўтказдик. Тепаликларга чиқиб-тушиб югуриш, об-ҳавога мослашиш, танани чиниқтириш амалиётларини бажардик. Сидней марафони маршрутини ўрганишдан ташқари, беллашувнинг расмий сайти орқали иштирокчилар, яъни ўзимнинг рақибларим билан ҳам танишиб чиқдим. Рўйхатда японлар ва америкаликлар кўп эди, уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб югуриш тактикамизни ўзгартирдик. 50-54 ёш тоифасидаги беллашувларда биринчи ўринни қўлга киритдим. Масофани 2 соат 55 дақиқа 53 сонияда босиб ўтдим. Мазкур натижа ёш тоифасидан қатъи назар, ўзбекистонлик аёл марафончилар томонидан қайд этилган энг яхши ўнинчи рекорд бўлди.

Югуришни узоқ масофаларга юришдан бошлаш керак

Ҳозирги натижалар катта меҳнат ортидан келди. Кечагина ўриндиқдан туриб, бирдан марафончига айланиб қолмаганман. Йиллар мобайнида ўз устимда тизимсиз ишлаш орқали марафонларда рекорд ўрнатишга муваффақ бўлдим. Фикримча, югуриш билан ҳамма шуғулланиши мумкин.

Узоқ масофаларга югуришни машқ қилишдан аввал ишни узоқ масофаларга юришдан бошлаш керак, энг камида куннинг маълум бир қисмида 1-2 соат ичида 10 минг қадам юриш зарур. Юриш ҳам оздиради, ҳам тана аъзоларининг фаол ишлашига кўмак беради.

Марафонларда югуриш учун ҳеч қанақа диета тутиш шарт эмас. Ҳозирда марафончилар махсус энергия желе (гел)дан фойдаланади. Бу желе углеводларга бой бўлиб, танани энергия билан таъминлайди. Югуриш вақтида мушаклар захирадаги гликоген моддасидан фойдаланади, аммо узоқ масофага югуриш давомида бу захира тугаб қолиши мумкин. Желе марафон пайтида танадаги энергия захирасини тиклашга ёрдам беради. Марафон югурувчилари, одатда, ҳар 30-45 дақиқада битта желени истеъмол қилади. Бу танани энергия билан таъминлайди ва чарчоқни секинлаштиради. Энергия желелари концентрланган шаклда бўлгани учун уларни сув билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Акс ҳолда ошқозонда ноқулайлик юзага келиши ёки организмнинг сувсизланиши юз бериши мумкин.

Марафон югуриш усулини ўрганмоқчи бўлсангиз, тренер ёки мураббий ёрдамидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Югуриш жараёнида балансни сақлаш керак, агар бирдан тез югуриб кетсангиз, танангизда турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин, бунда биринчи навбатда, нафас олишда юракка катта босим тушади, ҳаво етишмовчилиги юзага келади. Шунинг учун дастлаб секин югуришдан бошлаш тавсия этилади, машғулот жараёнида ўртача темпни танлангки, бунда ёнингиздаги суҳбатдошингиз билан нафасни бўлмасдан, бемалол гаплаша олиш имконияти бўлсин. Шунда давомли югуришингиз мумкин.

Тартиб – натижага эришишнинг энг самарали йўли

Ҳам мактабдаги фаолиятим, ҳам марафонларга тайёргарлик машқларини бирдек олиб бориш учун тартиб-интизомга катта эътибор қаратаман. Ўз олдингизга қўйган мақсадларингизга эришишда аниқ режа ҳамда тўғри вақт тақсимоти билан иш юритсангиз, белгилаган марраларга тезроқ етасиз.

Ёшим 54 да бўлса ҳам ўзимда кексалик аломатларини умуман сезмайман, кун давомида тетик юраман. Энергия ва кучга бой бўлиб юриш учун тўйиб ухлашни маслаҳат бераман. Кечки соат 22:00 дан 04:00 гача бўлган вақт оралиғи тананинг кун давомида йўқотиладиган ҳужайраларини тиклаб оладиган, мелатонин гормонини ишлаб чиқарадиган пайти саналади. Шу сабаб эрта ухлашнинг кун давомида тетик юришга фойдаси катта ҳисобланади.

Уч фарзандим бор: икки ўғил, бир қиз ва бир неварам ҳам бор. Оилам мени доим қўллаб-қувватлайди. Марафонларда юқори ўринларни олиб қайтганимда мен билан фахрланишларини кўриб, янада кўпроқ, яхшироқ натижаларга эришгим келади. Фикримча, карерада ҳам, оилада ҳам муваффақиятга эришган аёл бўлиш учун доим тартиб билан ишлаш керак. Кўпчилик 54 ёшдаман десам ишонмайди. Ёш кўринишимнинг сири ҳар куни спорт билан шуғулланишим ҳамда оптимистик кайфиятда юришимга боғлиқ.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов, Зияддин Мамажонов,
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид