Жаҳон | 18:56 / 25.11.2024
2711
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея прокуратураси Samsung раҳбари учун 5 йил қамоқ жазоси талаб қилмоқда

Прокурорлар Ли Чже Ённинг ҳаракатлари акциядорларга зарар етказгани ва корпоратив шаффофликка оид қонунларни бузганини таъкидлаб, оқлов ҳукми қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқда.

Фото: Reuters

Жанубий Корея апелляция судида прокурорлар Samsung Electronics президенти Ли Чже Ённи акцияларни манипуляция қилиш ва шуъба компанияларни бирлаштиришда фирибгарликка йўл қўйганига оид айбловлар билан жазога тортишга уринмоқда, деб хабар беради Reuters.

Жанубий Корея прокуратураси шуъба компанияларининг қўшиб юборилиши бўйича баҳсли ишни кўриб чиқаётган апелляция суди доирасида Ли Чже Ён учун беш йиллик қамоқ жазосини сўради. Айблов версиясига кўра, ушбу жараён Ли Ённинг корпорация устидан назоратини кучайтиришга хизмат қилган.

Феврал ойида Сеул суди Ли Чже Ённи бухгалтерия ҳисоботидаги фирибгарликлар ва акцияларни манипуляция қилиш айбловида оқлаган, аммо прокуратура апелляция берган эди.

Прокурорлар Лининг ҳаракатлари акциядорларга зарар етказгани ва корпоратив шаффофликка оид қонунларни бузганини таъкидлаб, оқлов ҳукми қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Samsung асосчисининг набираси Ли Чже Ён 2017 йилда маблағларни талон-торож қилиш, пора бериш ва ёлғон кўрсатма беришда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2018 йил февралда Сеул олий суди Ли Чже Ённинг апелляциясини кўриб чиқиб, қамоқ жазосини шартли жазога ўзгартирган. Шундан кейин у озодликка чиқарилган.

Бироқ 2021 йил январида суд Ли Чже Ённи Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хега пора беришда айблаб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша ойда Жанубий Корея олий суди Пак Кин Хени 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди. Шунга қарамай, Ли Чже Ён президент афви сабаб Samsung раҳбарлигида қолган.

Мавзуга оид