Жаҳон | 09:28 / 26.11.2024
3527
2 дақиқада ўқилади

Байден ва Макрон Ливанда сулҳ эълон қилишга тайёрланмоқда

Reuters'нинг Ливандаги манбаларига кўра, АҚШ ва Франция президентлари Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши операция ўтказаётган Ливанда 36 соат ичида ўт очишни тўхтатишни эълон қилишни режалаштирган.

Фото: Mohammed Yassin/REUTERS

АҚШ ва Франция президентлари Жо Байден ва Эммануэл Макрон Исроил армияси ва «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти ўртасида жанглар давом этаётган Ливанда яқин 36 соат ичида оташкесим эълон қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Reuters 25 ноябр, душанба куни Ливаннинг тўрт нафар юқори мартабали амалдорига таяниб хабар берди.

Журналистларга кўра, 26 ноябр, сешанба куни Исроил вазирлар маҳкамаси «Ҳизбуллоҳ» билан сулҳ битимини тасдиқлаш учун йиғилишни режалаштирган. Ливан парламенти спикери ўринбосари Элиас Бу Сааб Reuters агентлигига берган изоҳида, агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «фикрини ўзгартирмаса», Байрут АҚШ таклиф қилган ўт очишни тўхтатиш режасини амалга оширишда «жиддий тўсиқлар» кўрмаслигини айтди.

АҚШ Давлат департаменти Ливанда ўт очишни тезда тўхтатишга умид қилмоқда

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер Вашингтон Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича «келишувга эришиш учун ҳаракат қилишда давом этаётганини» айтганди. «Ва биз муваффақиятга эришамиз, деб умид қиламиз», дея қўшимча қилди у.

Миллернинг таъкидлашича, томонлар сўнгги бир неча кун ичида «келишув йўлида сезиларли ютуқларга эришган».

Мавзуга оид