Жаҳон | 23:34 / 26.11.2024
1632
2 дақиқада ўқилади

Disney аёл ходимларига эркаклардан камроқ маош бергани сабаб 43,3 млн доллар товон тўлайди

Disney компанияси қарийб 10 йил мобайнида ўрта бўғиндаги менежер аёлларга худди улар каби тажриба ва кўникмага эга эркакларга нисбатан қарийб 151 миллион доллар камроқ маош тўлагани айтилмоқда.

Фото: Getty Images 

Walt Disney ўрта бўғиндаги менежер аёлларга шу лавозимдаги эркакларга нисбатан тизимли равишда кам маош тўлаб келганига оид можарони ҳал этиш учун 43,3 миллион доллар тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Қайд этилишича, бундай қарор 2019 йилда менежер Ларонда Расмуссен Disney’га нисбатан илгари сурган даъвоси сабаб бошланган суд жараёнига якун ясаши мумкин. Ҳозирда ҳам компанияда фаолият юритаётган аёлнинг даъвосига кейинчалик яна тўққиз киши қўшилган.

Даъвода таъкидланишича, Disney қарийб 10 йил мобайнида ўрта бўғиндаги менежер аёлларга худди улар каби тажриба ва кўникмага эга эркакларга нисбатан қарийб 151 миллион доллар камроқ маош тўлаган.

Disney мазкур айбловни рад этади ва можарони ҳал этиш йўлида эътирозларни тан олмайди. «Биз доим ўз ходимларимизга адолатли маош тўлашга интилганмиз», — дейилади компания баёнотида.

Disney’нинг можарони ҳал этиш бўйича даъвогарлар билан битими судя томонидан маъқулланиши керак. Унинг имзоланиши компанияга суд ҳайъати иштирокидаги жараёнлардан қутулиб қолиш имконини беради.

26 ноябр кунги савдоларда Disney акциялари қиймати 0,2 фоизга тушиб кетган, йил бошидан бери эса уларнинг қиймати 28,5 фоизга ошган.

Мавзуга оид